Беда ўрнига сабзавот етиштирган киши 3-4 баробар кўп даромад олади

Туман ҳокими Қ.Собиров Катта қишлоқ маҳалласида бўлиб, аҳолининг ижтимоий турмуш даражаси, томорқа майдонларидан фойдаланиш ҳолати билан танишди.

Маҳалла саккизта қишлоқни ўзида жамлаган бўлиб, уларда 7500 нафарга яқин аҳоли вакиллари истиқомат қилади. “Amin invest international”, “Ширинкент нури” каби йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар ушбу маҳаллада фаолият юритади. Чунки, ҳудуд табиати, унумдор тупроғи тадбиркорлик учун қулай. Томорқа ерларидан самарали фойдаланишда бу муҳим.

Ташриф давомида ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Узуновул қишлоғида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонлари кўздан кечирилди. Экин майдонларига беда, маккажўхори каби самараси кам экинлар экилиши танқид қилинди.

– Беда ўрнида сабзи, картошка, помидор каби харидоргир сабзавот етиштирган киши 3-4 баробар кўпроқ даромад олади, – деди ҳоким. – Бир сотих майдондан унумли фойдаланиб, битта рўзғорни обод қилиш мумкин. Президентимиз айтмоқчи бўлган гапнинг моҳияти шунда. Ерга меҳр берган оила бой бўлади. Бировга қарам бўлмайди. Жамиятга кўпроқ фойда келтиради. Олдимизда турган мақсад шу.

Аҳоли вакиллари билан мулоқот давомида уларни қийнаётган муаммоларга ҳам қулоқ тутилди. У.Йўлдошеванинг имтиёзли шартлар асосида уй олишига амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Шунингдек, туман ҳокими “Жомбой иссиқхоналари” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Ушбу тадбиркорлик субъекти 2019 йилда фаолият бошлаган бўлиб, умумий майдони уч гектарни ташкил қилади. Шундан бир гектарида бодринг етиштирилмоқда. Айни кунларда ҳосил пишиб етилган ва ички бозорга етказиб бериляпти. Саккиз нафар ходим иш билан банд. Иш тартиби кун ора ташкил этилган бўлиб, шу пайтгача ҳар бир йиғимда 4 тоннагача ҳосил олинган.

Мулоқот давомида тадбиркор Катта қишлоқ маҳалласида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оиаларга ҳомийлик ёрдами кўрсатмоқчилигини билдирилди.

Айни пайтда моддий ёрдам сифатида ажратилган ўсимлик ёғи ва ун маҳсулотларини кам таъминланган оилаларга етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM