Сиёсий партиялар

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

2008 йил 20 июнь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон "Фидокорлар" миллий демократик партиясининг бирлашиш қурултойи бўлиб ўтди. Шу куни икки партия негизида янги Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси ташкил топди.

Бугунги кунда аъзолар сони 190 мингга яқин. Партия 5578 та бошланғич ташкилотларга эга.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий мақсад-вазифаси миллий анъаналар ва қадриятларни сақлашдан иборат. Партия ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, фан-техника тараққиётини ва Ўзбекистоннинг глобаллашиб бораётган жаҳонда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашни ёқлайди. У биз фахрланадиган миллий анъаналар ва қадриятларимизни сақлаб қолиш тарафдори бўлган инсонлар манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бундай шахслар партиянинг асосий ижтимоий қатламидир. Партия мустақиллик йилларида бошланган миллий қадриятларни тиклаш, ўзликни англаш, миллий ғояларни шакллантириш ва миллий мустақиллик мафкурасини мустаҳкамлаш, халқнинг маънавий ҳаётида диний анъаналарни тиклаш каби хайрли ишларни изчил, босқичма-босқич ва тизимли равишда давом эттириш тарафдоридир. Ушбу ишни сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш, унинг самарадорлигини ошириш зарур.

“Мақсадимиз – Ўзбекистон фуқароси онгида ўз мамлакатининг тарихий ўтмиши, бугунги куни ва келажаги учун фахрланиш туйғусини тарбиялаш ва мустаҳкамлаш!” – янгиланган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий шиори ҳисобланади.

Давлатнинг янги халқаро шароитларда ва геосиёсий воқеликда миллий манфаатларни рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш юзасидан амалий қадамларининг тактик ва стратегик мақсадлари ва вазифалари замирида миллий тикланиш ва ривожланишнинг умумий мафкураси ва кенг қамровли дастури мавжудлиги – бизнинг муқаддас орзумиз ва стратегиямиз бўлган - юрт тинчлигиВатан тараққиётихалқ фаровонлиги – умуммиллий ғояси атрофида жамиятимизни бирлаштиришга асосланган йўлини Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси (ЎзМТДП) қўллаб-қувватлайди.

Партиянинг олий раҳбар органи партия қурултойи бўлиб, у камида беш йилда бир марта чақирилади.

Партиянинг матбуот нашри – “Миллий тикланиш” ижтимоий-сиёсий газетаси.

ЎзДПМТ расмий веб-сайти ва электрон почтаси: www.mt.uz, info@mt.uz.

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси

2003 йил 15 ноябрда бўлиб ўтган таъсис съездида ташкил топган.

Партия ўз сафида 252 мингдан зиёд аъзони бирлаштирган, 10282 та бошланғич партия ташкилотига эга.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

Биринчи мақсад. Сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг мазкур қатлами манфаатларини ҳимоялаш ва эртанги кунини таъминлаш. Шу ижтимоий тоифа номидан Ўзбекистонннинг сиёсий саҳнасига чиқиш ва ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш.

Иккинчи мақсад. Мамлакатнинг миллий манфаатлари ва тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган дастурни Конституция тамойилларига суяниб, бошқа сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун партиянинг куч ва имкониятларини сафарбар этиш.

Ўзбекистон танлаган очиқ, бозор иқтисодиётига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамияти институтларининг ривожига кенг йўл очиб бериш ва демократик қадриятларни халқ, аввало ёшлар онги ва ҳаётига сингдириш.

Учинчи мақсад. Давлатни бошқариш, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишда, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашда, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида фаол қатнашиш.

Ёшларни миллий ғояга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўз элим, ўз юртим, жон Ўзбекистоним деб ғурурланиб яшаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, ҳар қандай шароитда мустақиллик йўлини, қадриятлар, миллий ва диний анъаналар ва урф-одатларни қадрлаш баробарида, барча миллат ва элатлар қадриятларини камситишга йўл қўймаслик, бундай хуружларга қарши кураш олиб бориш.

Тўртинчи мақсад. Партиянинг сиёсий платформаси - либерал-демократик ғоя ва қадриятларни кенг омма онгига сингдириш, бу борада ҳар томонлама чуқур ўйланган ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш, ўз сафини кенгайтириш. Шу ғояларни ҳаётга татбиқ қилишда фидойилик кўрсатган фаолларни депутатликка номзод сифатида кўрсатиш ва сайловчилар ишончини қозонган ўз депутатлари зиммасига давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларида вакиллик вазифасини юклаш ҳамда уларнинг фаолиятини бошқариш.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Съезди партия олий органи ҳисобланади ва у 5 йилда камида бир маротаба ўтказилади.

O‘zLiDePнинг марказий нашри – «XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси.

Партиянинг расмий веб-сайти ва электрон почтаси: 
www.uzlidep.uz, uzlidepinform@mail.ruuzlidep@uzlidep.uz.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ўзбекистон Халқ демократик партиясига (қисқача номланиши – Ўзбекистон ХДП) 1991 йил 1 ноябрдаги партиянинг Таъсис қурултойида асос солинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу сайловларга ўз сафида 424.5 мингдан зиёд аъзолари билан бормоқда. Партия аъзоларини бевосита бирлаштирадиган 9955 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатяпти.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:

– Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга ва ҳимояга эҳтиёжманд фуқаролари манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади. Булар – иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган одамлар; доимий иш жойи ва муқим маошга эга бўлмаган аҳоли қатлами, бошқа ижтимоий соҳаларнинг ходимлари ва мутахассислари, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, пенсионерлар ҳамда имкониятлари чекланган кишилар.

Ўзбекистон ХДП давлат томонидан ушбу тоифа кишиларининг манфаатларини кўзлаб изчил сиёсат олиб борилишига ҳаракат қилади, уларни ўзининг электорати деб ҳисоблайди ва сайлов кампанияларида уларнинг қўллаб-қувватлашига умид боғлайди;

– катта ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, таълим олиши ва ўқишни битирганидан кейин иш ўрнига эга бўлиши учун адолатли, барча учун тенг ҳамда ижтимоий очиқ шарт-шароитлар яратиш; пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга кафолат берадиган пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақалар тизимини шакллантириш;

– халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳудудий иш ўринлари яратиш ҳамда ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мослаштирилган хизмат ва товарлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга доир ўрта муддатли инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш борасидаги ташаббусларини янада ривожлантириш; шу ўринда маҳаллий хомашёдан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва мавжуд ресурс ҳамда талаб асосида хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Партия ўзининг оммавий ахборот воситаларига эга. Унинг марказий нашрлари:

– ўзбек тилида чоп этиладиган “Ўзбекистон овози” газетаси;

– рус тилида чоп этиладиган “Голос Узбекистана” ҳафталиги.

Партиянинг расмий веб-сайти ва электрон почтаси: www.xdp.uz, info@xdp.uz.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 1995 йил 18 февралда партиянинг биринчи Таъсис Қурултойида ташкил топган. 
 Бугунги кунда Ўзбекистон "Адолат" СДП ўз сафида 135 мингдан ортиқ аъзони бирлаштирган 3700 дан зиёд бошланғич партия ташкилотларига эга. 

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг асосий мақсади:

– демократик, ҳуқуқий давлатни, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни шакллантиришда фаол иштирок этиш.

Партиянинг вазифалари:

– Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида демократик жараёнларни жадаллаштириш;

– Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқатли хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш;

– Ўзбекистон фуқароларига ўз қонуний ҳуқуқлари, эрк ва бурчларини англашга кўмаклашиш, уларнинг сиёсий онги, маданиятининг ривожи учун курашиш;

– ўзбек халқининг миллий анъаналарига таянган ҳолда миллий қадриятларни тиклаш, бой маданий меросимизни ўрганиш асосида ёш авлодни тарбиялаш;

– миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, ҳар қандай миллатчилик, диний экстремизм, терроризм иллатларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувликни тарғиб қилиш;

– давлат ижроия тизимини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти органларида иймонли, пок, ўз Ватани, халқини севадиган ва элу юртига садоқат билан хизмат қиладиган раҳбар ва мутахассис кадрларнинг ишлашига эришиш;

– республика фуқароларининг турмуш даражасини кўтариш, ижтимоий жиҳатдан муҳтож аҳолининг муҳофазасини таъминлаш борасида таклифлар ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;

– Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида ўз ўрнини эгаллаши, дунёдаги илғор давлатлар билан халқаро ҳуқуқ талаблари асосида ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш учун фаолият кўрсатиш, миллий манфаатларига мос келадиган ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлаш;

 Партиядан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайланадиган лавозимларига номзодлар кўрсатиш, қайд этилган сайловларда иштирок этиш, шунингдек, сайланган органларда фаолият кўрсатиш;

– малакали мутахассислар, бюджет соҳалари ходимлари, педагоглар, шифокорлар, муҳандис-техник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари меҳнаткашлари манфаатларини ҳимоя қилиш.

Партия фаолияти ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти негизида фуқаролик жамиятини қуриш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига аҳолининг барча қатламларини жалб этиш, ҳокимиятнинг вакиллик органлари орқали давлат бошқарувида иштирок этиш, фуқароларнинг сиёсий онги ва маданиятини юксалтириш, мамлакат ҳаётининг муҳим масалалари юзасидан ўз тарафдорларининг фикр ва мулоҳазаларини юзага чиқариш ва бу масалалар бўйича партия позициясини кенг жамоатчиликка ва барча поғонадаги давлат ҳокимият органларига етказишга қаратилган.

Партия ўзининг ғояларига садоқатли ҳамда сайловчилар ишончини қозонган номзодларни давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро органларига илгари суради.

Партия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган тақдирда ҳамда мамлакат қонунчилигига асосан энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган бошқа партиялар билан блокда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига ўз номзодини илгари суради.

Партиянинг олий органи Қурултой ҳисобланади. Сиёсий Кенгаш Пленумлари ҳар йилда камида икки марта ўтказилади.

“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг расмий нашри ҳисобланади, газета 1995 йил 22 февралда ташкил этилган.

Партиянинг расмий веб-сайти ва электрон манзили: www.adolat.uzinfo@adolat.uz.

 

Ўзбекистон экологик партияси

2019 йил 24 январда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилди. Янги партиянинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган.

Айтиш жоизки,  дунёда экология йўналишидаги қарийб 100 та сиёсий партия фаолият юритади. Одатда “яшиллар” номи билан юритилувчи бу партиялар, парламент орқали экология соҳасидаги давлат сиёсати ғояларини илгари суради.  Мазкур партияларнинг юзага келишининг асосий сабабларидан бири глобал экологик муаммоларнинг долзарблашуви ва сонининг ошишидир. Ўзбекистонда экологик партияни ташкил этиш ҳаётий заруратдир. Шу сабабли 2019 йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон экологик партияси таъсис съезди бўлиб ўтди. Таъсис съездида 2018 йилнинг 1-17 декабрь кунлари Ўзбекистон экологик партияси таъсис съездига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан делегатлар сайлаш бўйича ўтказилган конференцияларда экологик сиёсий партия тузиш бўйича ташаббускорлар, экология ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари орасидан муқобиллик асосида сайлаб олинган 250 нафар делегатлар, яъни оммавий ахборот воситалари ва умуман кенг жамоатчилик вакиллари  иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига асосан экологик партия ташкил этиш бўйича мамлакат фуқароларидан иборат ташаббускорлар гуруҳи шаклланди.

Партия фуқароларнинг ҳозирги ва келгуси авлоди қулай атроф-муҳит шароитида яшаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, барча табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳуқуқларини ҳамда уларга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштиришда жамиятнинг бор куч ва салоҳиятини сафарбар қилишга интилади.

«Соғлом муҳит — инсон саломатлиги» ғоясини ўзининг асосий шиори ҳисоблайди ва уни амалий бажарилишини таъминлаш мақсадида ўз олдига қуйидаги дастурий вазифаларни қўяди.

I. Атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш;

II. Атроф табиий муҳит муҳофазаси масалаларида қабул қилинган қонунлар ва давлат миқёсидаги бошқа қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда бу соҳадаги қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича тизимли ишларни юритиш;

III. Атроф табиий муҳит муҳофазаси ва шу мақсадларга ажратилган ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида қабул қилинган ҳужжатларни ижро этишда марказ ва жойларда давлат органлари, жамоатчилик ва бошқа тузилмалар масъулиятини ошириш;

IV. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш;

V. Атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

VI. Атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш;

VII. Атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш.

Партиянинг расмий веб-сайти ва электрон манзили: www.ekolog.uz

2015-2020 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM