Замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда очиқ танловлар асосида давлат харидларини амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг

буйруғи

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 26 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3016]

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига асосан буюраман:

1. Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Директор Ш. САДИКОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 15 май,

185-сон

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2018 йил 15 майдаги 185-сон буйруғига
ИЛОВА

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

аванс тўлови — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат буюртмачиси ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси томонидан киритиладиган, операторнинг воситачилик йиғимини ва томонларнинг закалатини ўз ичига олган молиявий маблағлар суммаси;

давлат буюртмачиси (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) — давлат харидларини амалга оширувчи юридик шахс;

давлат харидлари тўғрисидаги шартнома — давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;

ягона етказиб берувчи — табиий монополия субъекти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида фармонларида, қарорларида ва фармойишларида ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган субъектлар, шунингдек давлат томонидан харид қилинаётган, бозорда муқобиллари мавжуд бўлмаган ноёб товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи;

танлов — шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топиладиган харид қилиш тартиб-таомилини амалга оширишнинг тури;

танлов таклифи — танлов ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ иштирокчининг танлов предметига нисбатан тақдим этиладиган таклифи;

лот — турли белгилари бўйича гуруҳлаштирилган (фойдаланиш, техник ва функционал хусусиятларига кўра) бир хил турдаги товарларнинг жамланмаси сифатида буюртмачи томонидан белгиланган ва алоҳида шартнома бўйича харид предметининг миқдорий қисми;

таклифни таъминлаш — буюртмачининг талабига биноан иштирокчи томонидан таклифлар ва мажбуриятларнинг гаров, кафолат, закалат тарзида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усулда таъминланиши;

шахсий кабинет — электрон давлат харидларида иштирок этишни ҳамда зарур ахборотни жойлаштиришни ва ундан фойдаланишни таъминлайдиган, буюртмачи ёки харид қилиш тартиб-таомили иштирокчисининг махсус ахборот порталдаги индивидуал саҳифаси;

режа-жадвал — товарлар (ишлар, хизматлар) харидининг ҳажмлари ва жойлаштириш муддатларини назарда тутувчи ҳужжат;

давлат харидлари бўйича тўғридан-тўғри шартнома — махсус ахборот порталида рўйхатга қўйилиши шарт бўлган, давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;

қадам ўлчови — нархни пасайтириш учун аукционнинг бошланғич нархини ёки олдинги иштирокчи нархининг фоиз билан белгиланадиган камайтириш пул миқдори;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (бундан буён матнда ҲККП деб юритилади) — аванс тўловларини депонентлаш ва уларни ҳисобга олиш йўли билан шартномалар бўйича мажбуриятларни бажара оладиган иштирокчиларни электрон харидларга киришини таъминловчи махсус ахборот порталининг таркибий бўлинмаси;

ягона етказиб берувчилар реестри — ваколатли орган билан келишилган ҳолда махсус ахборот портали оператори томонидан юритиладиган ахборот ресурси;

захира ижрочиси — тегишли харид комиссиясининг қарори билан танлов ёки тендер ғолибидан сўнг танлов ёки тендер таклифи энг яхши деб топилган танлов ёки тендер иштирокчиси;

махсус ахборот портали (бундан буён матнда портал деб юритилади) — операторнинг давлат харидлари ўтказилишини, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахборотнинг ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотнинг электрон шаклда жойлаштирилишини ва кўрилишини, шунингдек электрон давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи веб-сайти ва махсус электрон платформаси;

табиий монополия субъекти — табиий монополия шароитларида товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва/ёки реализация қилиш билан банд бўлган хўжалик юритувчи субъект (юридик шахс);

тендер таклифи — тендер ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ тендер предметига нисбатан иштирокчининг таклифи;

давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги;

электрон тизим — барча манфаатдор шахслар фойдалана оладиган, харидларни ўтказишни таъминловчи дастурий-техник комплексидан фойдаланган ҳолда харидлар жараёнлари иштирокчилари ўртасида товарлар (ишлар, хизматлар) хариди учун буюртмаларни жойлаш тизими;

электрон давлат харидлари — электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион каби махсус ахборот порталининг дастурий-техник комплекси орқали ахборот-коммуникация технологиялари воситасида давлат харидларини амалга ошириш усуллари.

2. Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:

электрон дўкон;

бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион;

танлов;

тендер;

ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари.

Давлат харидлари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.

3. Харидларга тайёргарлик ўз ичига қуйидагиларни олади:

порталда харидларнинг йиллик ва чораклик режа-жадвалларини жойлаштириш;

порталда харидлар ўтказилиши ҳақидаги эълонларни жойлаштириш;

буюртмачилар ва харид жараёнлари иштирокчилари (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) томонидан харидларда уларнинг иштирокини таъминловчи аванс тўловларини киритиш.

4. Порталда жойлаштириладиган режа-жадвал қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

харид предмети;

харид ўтказиладиган ой;

буюртмачининг номи ва манзили;

харид предметини молиялаштириш манбалари;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш жойи (манзили), муддатлари ва шартлари.

2-боб. Электрон давлат харидлари

1-§. Электрон давлат харидларини ўтказишнинг умумий шартлари

5. Буюртмачи ва иштирокчилар ҲККПдаги шахсий ҳисобварақларига аванс тўловларини киритганларидан сўнг электрон давлат харидларига (бундан буён матнда электрон харидлар деб юритилади) қўйилади.

6. Буюртмачи ва иштирокчилар электрон харидлардаги иштирокларини электрон рақамли имзоларидан (бундан буён матнда ЭРИ деб юритилади) фойдаланган ҳолда амалга оширади. Буюртмачи ва иштирокчи томонидан ЭРИдан фойдаланиш, электрон тизимда тузиладиган шартномаларни ҳақиқий деб топи