Томорқа карантин даврида катта даромад манбаи

Аввал хабар қилганимиздек, жойларда аҳоли ижтимоий турмуш даражаси, савдо дўконларидаги нарх-наво ҳолати, ишлаб чиқариш субъектлари фаолияти туман ҳокими томонидан ўрганилмоқда.

Ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, бугун ишчи гуруҳ Журият маҳалласида фаолиятини давом эттирди.

Ҳудуддаги озиқ-овқат, гўшт дўконлари назоратдан ўтказилиб, тадбиркорлар билан нархларни асоссиз оширмаслик юзасидан суҳбатлашилди. Маҳаллада бирламчи эҳтиёж моллари билан савдо қилувчи 7 та дўкон бўлиб, маҳсулот тақчиллиги кузатилмаяпти. Картошка, сабзи, пиёз, ун, ёғ, гўшт каби бирламчи истеъмол товарлари етарли. Аммо бир жиҳатга тўхталиш ўринли. Қассоблик фаолияти билан шуғулланувчи С.Элмуродов мол гўштини асоссиз оширгани, тадбиркор О.Тоғаев эса ишчиларга "конверт" усулида ҳақ тўлаб келганини қандай оқлаш мумкин? Бу борада давлат солиқ инспекцияси томонидан расмий огоҳлантириш берилиб, ҳолат бартараф этилди.

Мутасаддилар аҳоли хонадонларида бўлиб, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш карантин даврида даромад олишнинг энг самарали йўли эканини тушунтиришди. Афсуски, айрим ҳолларда бир неча ўн сотих ер самарасиз ётгани ҳам кузатилмоқда. Хусусан, журиятлик Ш.Эгамбердиев, А.Юнусов, Р.Жоникулов хонадонлари кўздан кечирилганда нохуш манзаранинг гувоҳи бўлдик.

– Президентимиз бежиз томорқадан унумли фойдаланишга асосий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидламаяпти, – деди туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев. – Бу йил синовли келганини ҳаммамиз англаб, тушуниб турибмиз. Бир кафт ерни обод қилган оила иқтисодий қийинчилик кўрмайди. Бундан буён бўш қолдирилган ер учун оширилган ставкада солиқ ҳисобланади.

Ташриф давомида алюминий эшик-ром ишлаб чиқарувчи “Жамшид сифатли сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам ўрганилди.  Жамият раҳбари Ф.Танибердиев билан ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратишга келишиб олинди. Тайёр маҳсулотни харидорларга етказиб беришда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бўйича ҳокимлик томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Ғолиб Эгамбердиев.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM