Исмоил Юсупов гўштни фойда кўрмай, тан нархида сотяпти

Туман ҳокими мутасаддилар иштирокида Наймантепа маҳалласига борди. Аҳолининг ижтимоий турмуш даражаси, бандлиги, томорқаларда олиб борилаётган баҳорги юмушлар билан яқиндан танишилди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган видеоселектор йиғилишида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини давом эттириш зарурлиги қайд этилганди. Жумладан, Президентимиз мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлишини алоҳида таъкидлади.

Қувонарлиси, наймантепаликлар бу борада илғор экани ойдинлашди. Кўпчилик хонадонларда оилавий томорқада ишлаётган кишиларни учратиш мумкин. Учрашувда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев карантин қоидаларига амал қилиб, кўчага чиқмай, ҳалол меҳнати билан рўзғорини обод қилаётган фуқароларга миннатдорчилик билдирди.

Ўрганиш давомида савдо дўконларидаги нархлар ҳам мониторинг қилинди. Якка тартибдаги тадбиркор Исмоил Юсуповнинг гўшт маҳсулотини тан нархида савдога қўйгани таҳсинга сазовор. Қишлоқ аҳлининг билдиришича, дўконда бошқа озиқ-овқат молларини ҳам нисбатан арзон нархда харид қилиш мумкин.

Мутасаддилар Зарафшон маҳалласида фаолият юритаётган темир-бетон ишлаб чиқарувчи корхоналарда ҳам бўлди. Аҳолининг салмоқли қисми меҳнат қилаётган ушбу тармоқ мунтазам ишлаши зарурлиги борасида тавсиялар берилди. Барча зарур ёрдам ҳокимлик томонидан кўрсатилиши айтилди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM