Бир кунда юз минг туп кўчат ўтқазилди

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 январдаги фармойишига кўра, жойларда мевали ва манзарали кўчат экиш оммавий тадбирлари давом этмоқда. Туманимизда ҳам ушбу жараён уюшқоқлик билан ташкил этилгани эътиборга молик.

Жомбой ҳудудида 20 февралдан 20 апрелга қадар бир миллион тупга яқин дарахт ва бута ўтқазиш мақсад қилинган бўлиб, бугунги кунгача ушбу кўрсаткич 10 фоиздан ошди. Жумладан, Самарқанд шаҳри билан боғлайдиган йўл ёқаси ва “JV MAN” автозаводи яқинида 16 минг арча, давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 35 минг тут, терак ва қарағай ниҳоллари ўтқазилди. Бундан ташқари, Катта ўзбек тракти бўйлаб манзарали дарахт кўчатлари ҳам экиляпти.

– Жараён янада қизғин тус олди, – дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи И.Асроров. – Бугуннинг ўзида юз минг тупдан ортиқ япон сафураси, шарқ арчаси, чилонжийда, поталпа, чаканда, наъматак, дўлана каби бута кўчатлари экилди. Ободонлаштириш бошқармаси, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, “Тоза ҳудуд” ДУК филиали, йўллардан фойдаланиш корхонаси ишчи-ходимларидан ташқари, маҳалла фаоллари, ёшлар қатлами вакиллари ҳам кўнгилли қатнашди. Тадбир оммавий ҳашар, халқ сайлига айланиб кетди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мавсумда экилиши кўзда тутилган жами кўчатлар давлат ўрмон хўжалиги томонидан етказиб берилади. Бу борада 7 миллиард 662 миллион сўмлик шартнома имзоланган. Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади.

Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев ҳудудларда бўлиб, ишнинг бориши билан танишди. Меҳнаткашлар билан бир сафда туриб, кўчат ўтқазди.

Ҳашарчилар учун ош дамланиб, хайрли ўтган кун сарҳисоб қилинди.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM