"Тўлақўрғон мевалари"дан 2,2 миллион АҚШ долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Тадбиркорни қўллаб-қувватлашнинг бир қанча сабаблари бор. Аввало, уларнинг меҳнати билан бозорларимиз тўкин, миллий маҳсулот турлари кундан кун ортиб боряпти. Қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам тадбиркорлик субъектлари муҳим ўрин тутади. Қўшма корхоналар типидаги экспортёрлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар эса нафақат ички бозор, балки хорижга ҳам миллий брендни олиб чиқувчи кўприк.
Туманимиз асосан, иқтисодиёт ва саноат тармоқларига ихтисослашгани сир эмас. Уларнинг муаммоларига  қулоқ тутиш, зарур ёрдам кўрсатиш мутасаддиларнинг вазифаси.
Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев бугун Жомбойда фаолият юритаётган "Тўлақўрғон мевалари" ҳамда "Ruxshona omad textil" ўзбек-турк қўшма корхонасига ташриф буюрди. Туман прокурори, 2-сектор раҳбари А,Турумов, инвестиция комплекси раҳбари А.Саъдуллаев, давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ш.Азаматов иштирокида ўтган учрашувда мутасаддилар ушбу корхоналарнинг фаолияти билан яқиндан танишди.
- Солиқларни ўз вақтида тўлаб, меҳнат қонунчилигига амал қиладиган ҳар бир тадбиркор бизнинг ҳимоямизда, - деди ҳоким. - Сабаби сизнинг ҳаракатингиз билан туманимиз экспорт салоҳияти ортиб бормоқда. Бундан кейин ҳам ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик муҳитини сақлаб қолиш истагидамиз. Ҳар қандай масалада ёрдам беришга тайёрмиз.
Маълумот ўрнида, "Ruxshona omad textil" масъулияти чекланган жамияти айни вақтда Яқин Шарқ мамлакатларига сабзавот экспорти билан машғул. Корхона томонидан январь-февраль ойларида 200 минг долларлик маҳсулот хориж бозорига чиқарилиши режалаштирилган.
"Тўлақўрғон мевалари" хўжалиги эса асосан, иссиқхона хўжалигига ихтисослашган. Қуруқ меваларни қайта ишлаш ва қадоқлаш билан ҳам шуғулланади. Жорий йилда 2,2 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилишни мақсад қилган. Шундан 250 минг доллари феврал ойи ҳиссасига тўғри келади. Қайд этиш жоизки, корхона 2019 йилда 1,7 миллион долларлик қуруқ мева маҳсулотларини ташқи бозорига етказиб берганди. 
Мутасаддилар сут ва бўрдоқичилик бўйича чорва комплекси ташкил этиш ташаббуси билан чиққан Тойир Рашидов билан ҳам учрашди. Лойиҳага кўра, Зарафшон маҳалласи ҳудудида 100 бош Австралия зотли қорамолчилик фермаси ташкил этилади. Суҳбат давомида тадбиркорнинг ушбу ташаббуси қўллаб-қувватланиши, имтиёзли кредит олишда ёрдам берилиши айтилди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM