8 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган жомбойлик ЙҲХБ ходими оқланди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бу ҳақида жиноят ишлари бўйича вилоят суди хабар берди.

Ҳамид Раҳматов (исм-фамилияси ўзгартирилган) 1982 йилда Жомбой туманида туғилган. У 2011 йил 4 мартдан 2014 йил 9 январга қадар қамоқда бўлган. Нега? Охирги суд мажлисигача Ҳ.Раҳматовни ҳам шу савол қийнаб келарди.

Суднинг ҳужжатларига кўра, Ҳ.Раҳматов 2002 йилдан ички ишлар тизимида иш бошлаган. 2006 йил июль ойида вилоят ЙҲХБ инспектори лавозимига ўтказилган. Ўзи билан биргаликда ишлаб келаётган Рустам Жўраев билан жиноий тил бириктириб, 2010 йил ноябрь ойининг ўрталарида фуқаро Холмурод Обидов бошқарувидаги, фуқаро Лариса Сатторовага тегишли "Нексия" автомашинасини тезликни ошириш ҳуқуқбузарлиги юзасидан тўхтатади. Аммо ҳайдовчи ишорага бўйсунмагани учун трнанспорт воитасини мажбурий ушлаб, Шайман деҳқон бозори яқинидаги жарима майдончасига олиб борган.

Иддао қилинишича, ЙҲХБ ходими ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан, автомашинани қўйиб юбориш учун 500 000 сўм пул талаб қилган. Л.Саттарова ва Х.Обидовлардан 60 000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида олган.

Дастлабки инстанция суди Ҳамид Раҳматовни 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилади. Апелляция инстанциясида ҳам ҳукм ўзгаришсиз қолдирилади.

Яқинда иш қайта кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати ҳукмнинг Ҳ.Раҳматовга оид қисмини бекор қилди. Уни оқлаб, реабилитация этишни лозим деб топди.

Чунки, Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасига асосан, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлиги, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатлар ҳисобга олиниши лозим.

Бундан ташқари, "Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш ҳақида"ги Олий суд кўрсатмасининг 8.2 бандида, "...Шахсга айб эълон қилишга фақат объектив далиллар мажмуигина асос бўлиши мумкин. Бунда далиллар доирасини пора берувчи ва у билан боғлиқ шахсларнинг кўрсатмалари ҳамда айбга иқрорлик билан чегаралаб қўйилмайди. Пора предметини олиш, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалар, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ва бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувларни аниқлаш шарт (жиноят устида ушлаш ҳолатлари бундан мустасно)", дейилади.

Дастлабки тергов органи мазкур кўрсатманинг талабига риоя қилмаган. Ишни кўришда судланган Р.Жўраев ҳамда гувоҳлар Л.Саттарова ва Х.Обидовнинг кўрсатмасига асосланган.

Шунингдек, Л.Саттарова жиноят содир бўлган вақтда ариза билан мурожаат қилмай, орадан тўрт ойга яқин вақт ўтганидан сўнг, бошқа ЙҲХБ ходимлари ундан пора талаб қилиб олганлиги учун ушланганида оғзаки мурожаат қилади. Биринчи босқич суди мазкур ҳолатларга ҳам баҳо бермаган.

Жиноят процессуал кодексининг 82-моддасида, ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули исботланган бўлиши керак, деб қайд этилади.

Мазкур ишда эса Л.Саттарова ва Х.Обидовнинг дастлабки терговдаги кўрсатувлари ишда йиғилган бошқа объектив далиллар билан тасдиқланмаган. Масалан, суҳбатлар ёзиб олинмаган, айбловга қўйилган 60000 сўм пул пора тариқасида қачон олингани, яъни жиноят содир этилган вақт аниқланмаган.

Хуллас, айблов фақатгина тахминларга ва кўрсатувларга асосланиб қолган. Ишни атрофлича кўриб чиққан суд ҳайъати жиноят ишлари бўйича вилоят судининг 2011 йил 22 июндаги ҳукмининг Ҳ.Раҳматовга оид қисмини бекор қилди.

Ҳамид Раҳматов айбсиз деб топилиб, оқланди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM