423 гектар маҳаллий боғ самарасиз, деб топилди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Туманимизда 2890 гектар интенсив боғ ташкил этилган бўлиб, шундан 542 гектари ёнғоқзорлар ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари олма, шафтоли, гилос, беҳи ва нок мевалари интенсив усулда етиштирилмоқда. Жойбой боғдорчилик хўжаликларининг яна бир хусусияти ички бозор учун кўчат етказиб беришда кўринади. Фермер хўжаликларининг 200 гектар майдонида мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини ўстириляпти.

Бу маълумотлар Жомбой замини қанчалик ҳосилдор эканидан далолатдир. Фақат бундан унумли фойдаланиш зарур. Туманимиз боғдорчилик соҳасида нафақат вилоят, республикада ҳам салмоқли ўрин тутиши сир эмас. Аммо замон ўзгариши соҳага янги технологияларни жадал татбиқ этишни тақозо этмоқда. Эндиликда, маҳаллий услубдаги, самарасиз боғларнинг даври ўтди.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг маълумот беришича, бугунги кунда 1610 гектар ерда анъанавий мева навлари парваришланяпти. 400 га яқин фермер хўжаликлари ушбу йўналишга ихтисослашган. Аммо ўрганишлар давомида 423 гектар боғ самарасиз, камҳосил экани аниқланган. Зеро, унумдор ерлардан самарали фойдаланиш мақсадида бу турдаги дарахтзорлар янги – интенсив усулдаги боғларга алмаштирилиши белгиланди.

Ҳусусан, "Ҳақиқат", "Дўстлик", "Ўзбекистон" муқобил машина-трактор парклари ҳудудида ҳам самарасиз боғларни бузиш ишлари олиб борилди. Бугун туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев ҳудудга ташриф буюрди ва ишнинг бориши билан танишди. Ҳудудда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари, мутасаддилар иштирокида ўтган учрашувда тармоққа замонавий амалиётни жорий этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM