"ОИЛАМДАН НОРОЗИМАН!"

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Келажакда сиз қурадиган оила, ўсаётган оилангизга ўхшашини истайсизми?

Ўқувчилар ўртасида шундай аноним сўровнома ўтказдик. Унда иштирок этганларнинг ярми “йўқ” жавобини белгилашган. Таассуфки, бундай бўлишини кутмагандик.

Соғлом психологик оилада тарбияланаётган фарзандлар ота-онанинг йўлини тўғри, деб ҳисоблайди. Улардан ўрнак олади, эргашади. Ҳаётий мақсад ва орзуларини бўлишади. Ўғил отасини, қиз онасини ўзига сирдош тутади. Мураккаб ҳаётий масалалар қаршисида ўзини ёлғиз ҳис этмайди. Бу ўзаро тушуниш, меҳр-муҳаббат асосига қурилган оиланинг оддий белгилари. Демак, ўқувчиларнинг оиласига худди шу жиҳат етишмаяпти.

Бола моддий тўкислик, фаровонликни назарда тутган бўлиши ҳам мумкинми?

Сўровнома қатнашчиларининг оилавий аҳволи билан танишдик. Тахминимиз исботини топмади. Асосий урғу бошқа жиҳатга қаратилгани маълум бўлаверди. Улар яқинларидан етарлича эътибор, меҳр-муҳаббат, ширин сўз кутиб яшаяпти. Ота-онасининг узоқ муддатли сафарда юришини истамайди.

Хўш, вазиятни ўнглаш мумкинми? Кеч бўлса ҳам бунинг чораси бор. Аввало, фарзандингизни нохуш муҳитда ўстириб, болалигини эрта тортиб олманг. Қобилиятсиз, ношуд, омадсиз бўлса ҳам уни севинг. Суҳбатлашиб, қувонтиринг. Меҳр ва ишонч ҳамма нарсага қодир.

Биз болаларни тарбиялаш учун эмас, улар бизни тарбиялаш учун ҳам дунёга келишади. Яхши инсон бўлиб улғайиши учун аввало, сиз яхши ота-она вазифасини бажаринг.

Педагогиканинг талаби ёдингизда бўлсин: Тарбиячининг ўзи ҳам тарбияланган бўлиши керак!

Унутманг, оиласидан яхшилик, мурувват кўрмаган болани ўқитувчи, мактаб, жамият ҳеч қачон тарбиялаб беролмайди. 

Мадина АҲРОРОВА,

14-умумтаълим мактаби психологи.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM