“Сувоқава” ходимлари қидирилмоқда

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хизмат кўрсатиш комплексига мансуб корхона ва ташкилотларда ижро интизоми, ходимларнинг ички тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳолати ўрганилмоқда.

Ҳусусан, электр тармоқлари корхонасидаги вазият ўрганилганда хизмат вазифасига совуққонлик ҳолатлари аниқланди. Иш вақти бошланганига қарамай хоналар ёпиқ экани, истеъмолчилар эса сарсон бўлаётгани шундай хулоса қилишга асос беради.

Иш юритувчи томонидан ташкил этилиши зарур бўлган фуқаро мурожаатларини қайд этиш дафтари амалда тутилмаган. Ўзибўларчилик авж олганини ижро интизомининг аҳволидан ҳам билиш мумкин. DOCFLOW электрон ҳужжат айланиш дастури орқали жорий йилнинг ўтган даври мобайнида юборилган 10 та хат ижрога қаратилмаган.

Тартиб шундай бўлгач, ҳудуд ободончилиги, бино ва йўлакларнинг тозалиги, моддий-техник база ҳақида сўз юритиш ортиқча.

Диспетчерлик пункти аҳоли билан ишлашда энг муҳим нуқталардан саналади. Аммо бу ерда ҳам мурожаатларни расмийлаштириш тўғри йўлга қўйилмагани кишини таажжубга солади.

Навбатдаги манзил “Сувоқова” давлат унитар корхонаси бўлди. Ачинарлиси, ташкилот том маънода қаровсиз қолдирилган. Дарвозага катта қулф осилган. Соат 10:00 дан ошганида ҳам ишчи-ходимларни топишнинг имкони бўлмади. Ҳудуд атрофи, ариқларда чиқинди уюмлари тўпланиб қолгани яқин орада бу ерга инсон қадами етмаганини англатмоқда. Боз устига ташкилот номи бирор жойга ёзиб қўйилмаган. Раҳбар Ўлмас Кубаев билан телефон орқали боғланилди. Тез орада етиб боришини айтганича, изсиз кетди.

Сирасини айтганда ташкилотда вазият жиддий. Ваҳоланки, ушбу ҳолат биринчиси эмас. Халқ депутатлари туман кенгашида аввал ҳам муҳокама этилган, вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонасига тақдимнома киритилган эди. Хулоса қилишга масъулларнинг вақти бўлмаган кўринади.

Ободонлаштириш бошқармасида ўтказилган ўрганиш давомида ҳам шунга ўхшаш манзаралар кузатилди. Бошқарма йўлагида илинган маълумотлар ойнаси яқин орада янгиланмаган. Ҳатто раҳбарнинг исм-шарифи устуни ҳам бўш қолдирилганини қандай изоҳлаш керак?

Ижро интизоми тартибга олинса мақсадга мувофиқ бўларди. Президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларни рўйхатга олиш китоби чала юритилган.  DOCFLOW электрон ҳужжат айланиш дастурида 2019 йилдан 19 та мурожаат очиб кўрилмаган.

Давлатимиз раҳбари биринчи навбатда аҳолини рози қилиш зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Жамият ҳаётида муҳим бўғин бўлган коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларда ҳолат шундай бўлгач, аҳоли розилигига эришиш мумкинми, деган ҳақли савол туғилади. Бу борада жиддий хулоса қилишлари вақти етди.

        

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM