Буюк қарз

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

“Халқим умид билан улғайтираётган фарзанд сифатида юртимга, Президентимга содиқ бўлишга аждодларим руҳи олдида қасамёд қиламан!”

Қуролли Кучлар ташкил этилганлигининг 28 йиллиги муносабати билан 3-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбир бошланғич синф ўқувчиларининг Ватанга қасамёди билан бошланди. “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган байрам кечасида туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакиллари қатнашди. “Камалак юлдузлари” фестивали ғолиби Дилноза Эшмуродова ижро этган “Ўзбекистон” қўшиғига ёшлар мадҳиясига айланиб кетди. Ўқувчилар томонидан ҳарбий спорт машқлари намойиш этилди.

Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди ва сўзга чиқди.

– Ватан ҳимоячиси деганда фақат ҳарбийлар тушунилмайди, – деди ҳоким. – Шу заминда улғайиб, тарбия топган, қалбида юртга муҳаббати бўлган ҳар бир инсон Ватан ҳимоячисидир. Ўз вақтида Широқ, Сиёвуш, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби улуғ саркардалар қўриқлаган юртимизни асраб-авайлаш, корига ярайдиган фарзанд бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ватан, юрагимнинг олампаноҳи,

Бу дунё букри бир жийдангнинг шохи,

Кўзим ёши билан суғориб гоҳи,

Кўксимда ўстирган гулдай севаман!

Мактаб дунёсига эндигина қадам қўйиб келаётган Худойберди Мухторов ўқиган ушбу мисралар тадбир иштирокчиларининг гулдурос қарсаклари билан олқишланди. Дастур давомида куй-қўшиқлар, рақслар тадбирга ўзгача файз киритди.

– Ватан аждодларимиздан бизга қолган мерос, – дейди Ўзбекистон Миллий гвардияси катта лейтенанти Достон Тожибоев. – Уни асраб-авайлаб, келажак авлодга етказиш эса буюк қарзимиздир. Ҳарбийлик касбига иштиёқ билан улғаяётган ўқувчилар билан суҳбатлашиб кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM