ТТБда вазият издан чиқдими?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Тиббиёт бирлашмаси тумандаги йирик ташкилотлардан бири. Аммо барча шароитлар яратилган бўлишига қарамай раҳбариятнинг ўзибўларчилик кайфияти, лоқайдлиги сабаб тизимнинг муаммолар гирдобида қолгани кишини ўйга толдиради.

Жумладан, 2020 йил ноябрь ойида ҳудудни тўлиқ капитал таъмирлаш учун давлат бюджетидан 1 миллиард 5  миллион сўм маблағ ажратилган эди. Ўтган давр мобайнида ишлар чала ҳолича, назоратсиз қолдирилган. Натижада олти ойдан буён марказлашган канализация тизими носоз, бу ҳудуд бўйлаб бадбўй ҳид тарқалишига сабаб бўляпти. Антисанитар вазият кишида нохуш кайфият уйғотмоқда. Оғир беморларга хизат кўрсатишда зарур бўлган лифт ҳам ишламайди. Таъмирлаш ишлари чала қолган бино бўйлаб қурилиш чиқиндилари сочилиб ётибди.

Жорий йил март ойидан рентгено-флюраграфия хонаси фаолиятини тўхтатди. Бу хизмат айрим беморларга ташхис қўйишда ғоят зарур бўлишига қарамай  маъмурият хеч қандай чора кўрмаяпти.

Муассаса ховлисини тартибга олиш ҳам ўлда-жўлда. Хусусий автомобиллар туроргоҳига ўхшайди.

Бошқарувда коррупция ҳолатлари кўзга ташланаётгани алоҳида мавзу. Олайлик, бир ўринга бир неча ходимлар ишга олингани кишини ўйга толдиради. Сирасини айтганда, бир неча юзлаб ҳамшираларнинг ярим, чорак ҳатто нимчорак штат бирлигида ишлаб келаётгани ҳақиқий ҳолатдан дарак бермоқда.

Ишни тўғри ташкил қилинмагани иш самарадорлигига ҳам салбий таъсир қилиши табиий.

Дори-дармон таъминотини олайлик. Етарли маблағ ажратилган бўлишига қарамай, беморларга ўз вақтида етказилмаган.

Бўлимлар кесимида фаолият самарадорлиги ўрганилганда ҳужжатлар билан боғлиқ тушунарсиз манзаралар кўзга ташланди. Олайлик, Наркология бўлими ҳеч қандай иш режа тузмаган, расмий иш қоғозларини юритмаган ҳолда фаолият юритаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича кунлик вазият ҳақида туман ҳокимлигига ахборот киритиш тартиби мавжуд. Афсуски, бу мажбурият бирлашма раҳбарияти томонидан унутилган.

Раҳбариятнинг бу таҳлит иш юритиши ходимларни ички тартиб-қоидаларни менсимаслигига ҳам олиб келиши табиий. Шифокор ва ҳамшираларнинг ишга ўз вақтида келмаслиги, аксинча иш вақти тугамай кетиб қолиши, медицина тартиб-таомилларига зид равишда тиббий ҳалатда ховлида, ҳатто кўчада юриши фикримизни тасдиқлайди. Энг ачинарлиси, тез тиббий ёрдам ҳайдовчиларининг тунги навбатчилик вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилиши кузатиляпти.

Бу каби тартибсизликларни жойлардаги оилавий поликлиника ва шифокор уйлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Юқоридагилардан келиб чиқиб, муассаса бошқарувини тубдан янгилаш масаласида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдимнома киритилди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM