“Зўр” лойиҳаси, “Ҳоким стипендияси”, “Пучон”га кирган икковлон – Жомбойда таълим сифати бўйича ўзгаришлар катта

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўтган ўқув йилида туманимиздаги 56 та мактабни 2373 нафар ўқувчи битирган. Уларнинг бор-йўғи 10 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганди. Афсуски, ҳолатни қониқарли деб бўлмайди. Олдинда янги синовлар. Натижа қандай бўлади?

“Маррани баланд олганмиз”

2020-2021 ўқув йили туман халқ таълими тизимида ўсиш даври бўлди. Ўтган йилги муваффақиятсизликлардан хулоса чиқарилди, юксак мақсадлар сари қадам ташланди. Ва, бу ўз натижасини бермоқда.

– Асосан, битирувчиларимизнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичини ошириш учун ҳаракат қилдик, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Зарифа Юсупова. – Бунинг учун туман ҳокими бошчилигида ҳар бир мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари билан юзма-юз суҳбатлар ташкил этдик. Ҳафтада икки марта давлат тест маркази вилоят филиали вакиллари битирувчи синф ўқувчилари учун тест синовларини ўтказиб боришди. Шу ва бошқа танловларда яхши натижа кўрсатган 5 нафардан ўқувчига ҳар ойда 1 миллион сўм бир марталик “Ҳоким стипендияси” бериб борилди. Ўқитувчиларимизнинг ҳам тажрибасини ошириш, улар учун танловлар ташкил этиш ва рағбатлантириш чоралари кўрилди. Бу ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. Қувонарлиси, битирувчиларимизнинг 6 нафари дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига муддатидан олдин ўқишга кириш имкониятини қўлга киритди.

Жавоҳир 6 та университетга ўқишга кирди

Ҳали бу ҳаммаси эмас. Унинг олдига қўйган мақсади катта. Жами 15 та олийгоҳга ўқишга кириш учун ўзини синаб кўрмоқчи.

– Мактабга бормасимдан акамга қўшилиб, дарс тайёрлашга қизиқардим, – дейди тумандаги 56-мактаб битирувчиси Жавоҳир Имомов. – Беш ёшимда алифбони, қўшиш ва айиришни ўргандим. Шунинг учун ота-онам 6 ёшимда мактабга қўйишган. Математика ва инглиз тилини ўрганишга қизиқишим кучли эди. Оилада ва мактабда бунинг учун етарли шароитлар мавжуд. Умуман, ёшларга яратилган имкониятлардан унумли фойдаландим ва шу йил самарасини кўрдим. Май ойигача 5 та хорижий олий таълим муассасасига ўқишга кирган бўлсам, уч кун аввал яна бир университетдан талаба бўлганим ҳақида хушхабар келди. Қувонарлиси, юқори балл олганим учун Турин политехника университети иккинчи курсдан ўқишни давом эттиришга таклиф этмоқда.

“Зўр” лойиҳаси натижа беряпти

Мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, бу йўлда етакчи бўлган давлатлар тажрибасидан фойдаланиш мақсадида “Зўр” (“Klass”) лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, вилоятимизнинг 7 та туманидаги умумтаълим мактабларига хорижлик педагоглар жалб қилинганди. Жумладан, Астрахан давлат техника университети ўқитувчиси Расул Муродов тумандаги 23-умумтаълим мактабига бириктирилди.

– Асли қозоғистонлик бўлган ўқитувчининг дарс ўтиш услуби жуда қизиқарли, – дейди мактаб директори Баҳодир Эргашев. – Натижада, ўқувчиларимизнинг рус тилига рағбати ортди. Профессор фақат рус тилида гапиради. Ўқувчилар матнларни таржима қилишни ўрганди. Мактабимизда дарс берадиган 6 нафар рус тили фани ўқитувчисининг ҳам тажрибаси ошди. Бир сўз билан айтганда, “Зўр” лойиҳаси натижа беряпти.

"Пучон"нинг қўшалоқ талабалари

2019-2020 ўқув йилида тумандаги 40-ихтисослаштирилган давлат умумаълим мактабини битирган ўқувчилардан 20 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирганди. Мактаб жамоаси бу йил янада катта мақсад сари интиляпти. Жорий ўқув йилида 49 нафар ўқувчи мактабни тамомлаётган бўлса, уларнинг 40 нафари таҳсилини университет ва институтларда давом эттирмоқчи.

– Шу пайтгача 2 нафар ўқувчимиз – Миршариф Азимжонов ва Достон Исломов Тошкент шаҳридаги Пучон университетига муддатидан олдин ўқишга кирди, – дейди мактаб директори Шоҳиста Намозова. – Бошқа битирувчиларимиздан ҳам умидимиз катта.

Умумий айтганда, 2020-2021 ўқув йилида мактабни битираётган 2161 нафар жомбойлик ёшлар ОТМга ўқишга кириш истагини билдирган. Ўйлаймизки, ўтган бир йил давомида қилинган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини беради.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM