Уларнинг номи ўчмайди: Жомбойда уруш фахрийлари қолмади...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Иккинчи жаҳон урушига 7 мингдан ортиқ жомбойлик йигитлар сафарбар этилганди. Улар энди орамизда йўқ.

Юртдошларимизнинг жанг майдони, фронт ортидаги заҳматли ҳаётини мавжуд маълумотлар асосида ўрганиб, ёдга олишни лозим топдик.

Асосий жанглар Москва, Сталинград, Курск, Шимолий Кавказ ва Днепр ёқаларида, Польша, Украина ва Беларусь ҳудудида кечгани маълум. 1941 йилнинг 22 июнида бошланган уруш 1418 кун давом этди. Ғалабага ҳисса қўшган 338 нафар юртдошимиз Қаҳрамон унвони билан тақдирланди. Улар орасида Аҳмаджон Қурбонов ҳам бор эди.

Жангга кирган биринчи қаҳрамон

1940 йилда ҳарбий хизматга чақирилган бўлажак майор дастлаб, Тамбов пиёда аскарлар билим юртида таҳсил олади. Бу пайтда ҳали уруш бошланмаганди. Демак, Аҳмаджон Қурбонов жомбойликлар ичида биринчи бўлиб жанг майдонига отланган, дейишга асос бор.

У Польшани душман ҳужумидан ҳимоя қилиш учун беш йил курашди. 1944 йилнинг 3 сентябрь куни Норев дарёсидан ўтиш вақтида кўрсатган жасорати учун “Олтин юлдуз” медалига тавсия этилди.

Афсуски, унвонни ўз қўли билан олиш унга насиб этмайди. Уруш тугашига 93 кун қолганида ҳалок бўлади.

Бобомизнинг жасоратини поляк халқи юксак қадрлайди. Польшалик таниқли журналист Владислав Латушинский унинг номини абадийлаштириш учун урушдан кейин катта изланиш олиб борган. Тошкент, Самарқанд, Жомбойга қилган ташрифи чоғида қимматли маълумотлар тўплаган.

Груздёндз қишлоғида бўлиб, у билан суҳбатлашган, жасоратига гувоҳ бўлган кекса авлод вакиллари билан учрашган. Польшани фашистлар қўлидан озод қилган қаҳрамон ҳақидаги янги маълумот­-очерклар ўша халқ ва киллари эътирофига сазовор бўлгани шубҳасиз.

Уруш воқеалари акс этган ҳужжатларда жомбойлик Мансур Гилязов, Кўчим Холжигитов, Жамол Аслиддинов, Эргаш Маманов, Соли Рустамов, Носир Муҳсинзода номлари ҳам алоҳида тилга олинади. Афсуски, улар ҳақидаги маълумотлар жамланмаган.

Фронтни мустаҳкамлаган жомбойликлар

Сиёсатшунос ва тадқиқотчилар фронт ортидаги машаққатли меҳнат ғалабани таъминлашда муҳим омил бўлган, деб ҳисоблашади. Дарҳақиқат, “Ҳамма нарса фронт учун!” деган шиор бутун мамлакатни бирлаштирди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ­-овқат маҳсулотлари биринчи бўлиб фронтга йўналтирилди.

Аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами меҳнатим билан ғалабага ҳисса қўшаман, деб астойдил бел боғлаганди.

Туманимиздан ҳам пахта, пилла, каноп, қоракўл териси етказиб турилди. Жангчиларга иссиқ кийим, гўшт, шоли, буғдой, мева­-сабзовот пешма­-пеш юбориларди.

1941 йилнинг декабрь ойида Москва остонасида курашётган жангчилар учун тўпланган маҳсулотлар посилка қилинади. Қўнғирот қишлоқ советидан 1620, Ҳолвойи аҳолисидан 500, Шерқўрғон ва Журиятдан 40 килограмдан ўрик, майиз, шафтоли, жийда ва шунга ўхшаш мева баргаклари фронтга юборилади. 1942 йили Деҳқонобод қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси жанубий фронт қўмондонлигига 2500 сўм маблағ тўплаб, янги йил совғаси сифатида юборган.

Бу архив маълумотларида сақланиб қолган денгиздан томчи, холос. Демоқчимизки, туманимиз халқи фронт ортидан туриб, ғалаба учун буюк ҳисса қўшгани тарихий фактдир.

Эски Жомбойдаги меҳрибонлик уйи

Уруш бўлаётган ҳудудлардан Марказий Осиёга кексалар, аёллар ва болаларни кўчириш бошланди.

Самарқанд вилоятининг ўзида 8 та болалар уйи ташкил этилди. Жомбой, Булунғур, Паст Дарғом туманларида очилган махсус муассасаларда 4270 нафар бола тарбияланди.

Туманимизда жойлашган болалар уйи ҳозирги Эски Жомбой маҳалласи ҳудудига тўғри келади.

Ой бориб, омон қайтмаганлар

Афсуски, урушга отланган юртдошларимизнинг ярмидан кўпи ўзга юрт тупроғига мангу бош қўйди. 1994 йилда чоп этилган “Хотира” китобида 1500 нафарининг номи қайд этилган, холос. Меҳнат фахрийси Насим Фозиловнинг айтишича, биргина Чимқўрғон қишлоғидан урушга кетган йигитларнинг бирортаси қайтмаган. Демак, бу борадаги тарихий ҳақиқатга ҳам ойдинлик киритиш зарур.

Сўнгги жангчи...

“Шонли меҳнат” (ҳозирги “Жомбой тонги”) газетасининг 1980 йили чоп этилган сонида туман бўйича 730 нафар уруш фахрийси истиқомат қилаётгани айтилади. 2015­-2020 йилларда уларнинг уч нафари ҳаёт эди.

Жомбойлик сўнгги уруш фахрийлари Тожибой Мухторов, Ҳусан Ортиқов ҳамда Ғани Тожиев давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Уларга ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар, олтин медал топширилди.

Ғазира маҳалласида яшаган Ғани Тожиев уруш кўрган сўнгги жомбойлик сифатида тарихда қолди. Ўтган йилнинг август ойида, 90 ёшида ҳаёт билан видолашди.

Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан 76 йил ўтиб, Жомбойда фронт фахрийлари қолмади...

Шерзод ИСОҚУЛОВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM