Польшани озод қилган қаҳрамон

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Хотира ва қадрлаш куни арафасида кўнглимизни бир қадар изтиробли, бир қадар умидбаҳш ўйлар чулғаб олади. Долғали йиллар ёди, осуда ҳаётимиз шукронаси билан фронт заҳматкашлари бўлган боболаримиз-момоларимизни йўқлаб борамиз. Ўтганларни ёд этамиз. Аслида бу биз, тинчлик замонида улғайган авлодлар учун фарзу қарздир.

Урушда 1,5 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фарзандлари мардонавор жанг қилган. Фронт оловларида катта жасорат кўрсатган боболаримиздан 338 нафари Қаҳрамон унвонига сазовор бўлгани ҳар биримиз учун фахр-ифтихордир. Улар орасида Жомбой фарзанди Аҳмаджон Қурбоновнинг муаззам номи ҳам бор.

Туманимизнинг юқори ҳудудлари бугун Шерқўрғон, Қўлбости, Полвонариқ номи билан юритилади. Аммо халқ орасида қаҳрамон жангчи туғилган юрт сифатида кўпроқ танилган.

Дарҳақиқат, Аҳмаджон Қурбонов 1921 йил Жомбой туманида, деҳқон оиласида туғилган эди. Ўрта мактабни битиргач, Самарқанд шаҳридаги уч йиллик ишчилар факультетида таҳсил олади. Кўп ўтмай мамлакатнинг фидойи ёшлари рўйхатига қўшилиб, Тожикистоннинг Кўлоб вилоятига ўқитувчи сифатида юборилади. Бўлажак қаҳрамон ўз бахтини ўша ердан топди.

Аҳмаджон Қурбонов Тожикистонга ўзи каби ўқитувчи бўлиб келган Мария Смирнова билан турмуш қургач, Ленинград университетининг тарих факультетига сиртдан ўқишга киради. Олийгоҳни тамомлаши арафасида вилоят ҳарбий комиссарияти уни Томбов шаҳридаги кичик командирлар тайёрлаш ҳарбий билим юртига юборади. Кейинчалик олий зобитлар курсини битиради.

Бу орада уруш бошланиб кетганди.

Аҳмаджон Қурбоновга тақдир имкон бермади. Оиласи билан қайта учрашиш насиб этмади...

“Ўзбекистон” нашриёти томонидан 1984 йилда нашр этилган “Уруш қаҳрамонлари” китобида бобомизнинг фронтда кўрсатган мардонавор жасоратлари батафсил ёритилган.

Жумладан, унда айтилишича, 1943 йилнинг январь ойида майор Қурбонов бошчилигидаги ўқчилар батальони 1-Беларуссия фронтига келиб қўшилади.

Унинг юксак ҳарбий маҳорати фашистлар мудофаасининг Бобруйск йўналишини ёриб ўтиш учун бўлган жангда яққол намоён бўлган. “Багратион” операцияси муваффақиятли ривожланиб борарди. Батальон асосий кучлар ҳужумидан уч кун илгари Гухлино қишлоғининг шимолида – Нарев дарёси бўйидаги душман позициясини эгаллайди. Фашистлар бунга жавобан йирик пиёда аскарлар қисми ва танклар бўлинмасини ташлайди. Осмондан тўхтовсиз бомба ёғдиради. Шундай мураккаб шароитда командир А.Қурбонов ўз заковатини ишга солади. Жангчиларни дарёдан кечиб ўтаётгандек кўрсатиб, ўзи асосий куч билан бошқа кечувдан Корневск қишлоғини эгаллайди.

Варшава ҳамда Шимолий Пруссия чегарасига олиб чиқувчи муҳим нуқталардан кутилмаганда ажралиш немис қўмондонлигини саросимага солиб қўйгани шубҳасиз. Белоруссия ерларида душманга қақшатқич зарбалар берган совет қўшинлари шу тариқа Польшани озод қилишга эришган.

Афсуски, Аҳмаджон Қурбоновга ғалаба кунларини кўриш насиб этмади. Уруш битишига бор-йўғи икки ой қолганида Польша тупроғида қаҳрамонларча ҳалок бўлди. 1945 йилнинг 6 февраль куни Плоцк вилоятидаги Шейнах қишлоғига иззат-икром билан дафн этилди.

Орадан бир ой ўтиб ҳукумат фармони эълон қилинади. Улкан жасорати учун гвардиячи майор Аҳмаджон Қурбоновга вафотидан сўнг Қаҳрамон унвони берилади.

Бугун Қўлбости қишлоғида қаҳрамон-жангчининг жияни – меҳнат фахрийси Яхшилик бобо Эшмуродов истиқомат қилади. У киши билан жасур бобомиз ҳақида суҳбатлашганмиз. Умрини таълим соҳасига бағишлаган отахоннинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан ҳудуддаги 2-умумтаълим мактабига Аҳмаджон Қурбоновнинг бюсти ўрнатилган. Туманимиздаги маҳалла ва кўчалардан бирига номи берилган.

Урушдан сўнг 76 йил ўтди. Қаҳрамон жангчининг болалиги ўтган Қўлбости қишлоғи бугун ободонлаштириляпти. Замонавийликда шаҳардан қолишмайдиган қиёфа касб этмоқда. Аслида ушбу дориломон кунлар тинчлик учун жон фидо қилган боболаримиздан бизга мерос қолди. Ирода ва сабот, матонат ва жасоратда улардан ибрат олиш биз учун муқаддас бурчдир.

Қаюм СОБИРОВ,
Жомбой тумани ҳокими.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM