"Уруш 1945 йилда битмаган эди... "

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Польша ва Германия чегараси бўйлаб Одер дарёси оқиб ўтади. Унча йирик эмас, аммо атрофи қуюқ туман билан қопланиб ётади. Совет армиясида хизмат қилаётган бир гуруҳ жангчилар 1945 йилни ушбу дарё яқинида кутиб олишган. Улар орасида жомбойлик Ҳусан Ортиқов ҳам бор эди.

Отахон билан кўп бор суҳбатда бўлганмиз. У киши самимий, очиқкўнгил, аския ва лутфга мойил киши эди. 2017 йил 9 май арафасида Тўққизбой қишлоғидаги ховлисига йўқлаб боргандик. Одатда, фронт ҳақида эслашни истамасди. Аммо шу сафар айрим хотираларини сўзлаб берди.

– Ҳамма ишнинг охири қийин кечади. Урушнинг ҳам. Гарчи душман енгилиши кўриниб қолган бўлса-да, осонликча таслим бўлай демасди, – деди оғир тин олиб. – Варшавани озод қилишда катта талофат кўрдик. Одер ҳавзасига чиқиб олгунча баталённинг чорак қисми қирилиб кетди.

Кундузи атрофга сукунат чўкади. Тунда ҳар икки томон ҳаракатга келади. Мақсад нариги соҳилга ўтиб олиш. Қўлбола кўприк ясашга уриниб кўрдик. Бўлмади. Солда сузиб ўтиш ҳам самарасиз кечди. Икки ой... Қанча сафдош дўстларим ўша омонсиз жангда ҳалок бўлди.

Германия ҳудудига кирганимизда баҳор яқинлашиб қолганди. Аммо табиат гўё инсон қилмишларидан ранжигандек, қовоғини очмасди. Бир куни қаттиқ ёмғир ёғди. Европанинг тупроғи ёпишқоқ бўларкан. Ана шундай шароитда лой кечиб, олдинга интиламиз.

Тонг қоронғуси эди. Бир пайт ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолди. Атрофга олазарак боқаман. Янги келган аскарнинг кўзларида даҳшат, менга тикилиб турарди. Билсам, томоғимдан яраланган эканман. Шундай қилиб, душман пойтахтига кириш менга насиб этмади...

Ҳусан Ортиқов оғир яраланган бўлса-да, кўнгилли сифатида хизматни давом эттиради. Кўпчилик уруш 1945 йилда якунланган, деб ўйлайди. Тўғри, хунрезлик тугади, аммо дунёнинг ярми вайрон бўлган, уни қайта тиклаш зарур эди. Бу ҳам армия зиммасига тушди.

Ҳусан бобо 1950 йилгача хизматда бўлган. Ватанга қайтгач, колхозда тракторчи бўлиб меҳнат қилган.

Туманимиз ҳудудидан ўтган Самарқанд-Тошкент магистрали юртимизнинг энг йирик транспорт иншоотларидан бири саналади. Ана шу йўл қурилишида Ҳусан Ортиқов ҳам қатнашган экан. Бу ҳақда сўраганимизда “Нокамтарлик бўлса ҳам айтай. Шу қурилишга ҳиссам қўшилиб қолганидан қувонаман. Дунёга келиб, нимадир бунёд этиб кетмасанг, қандай одамман дейиш мумкин?”, деганди ўшанда.

Дунёни вайрон қилишга қасд қилган уруш уларни шундай фикрлашга ўргатган бўлса, ажаб эмас.

Отахон узоқ умр кўрди. Сўнгги нафасгача халқ хизматидан меҳнатини аямади. Маҳалла бошини бириктириш, қишлоқда аҳил-иноқ муҳит яратишда фидойилик кўрсатди. 2019 йилда вафот этди.

Орифжон ОДИЛОВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM