Ажзий ҳақида айтилмаган ҳақиқатлар

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

 – Ҳолвойида замонавий мактаб очилганмиш... – Бу хабар ўлка бўйлаб бир зумда тарқалиб кетди. – Мактаб пишиқ ғиштдан қурилган, синф хоналар ёруғ. Эски мактаблардан фарқ қилар эмиш. Бўйра ўрнида парталар. Ўқитилаётган фанлар ҳам замонавий. Рус, ўзбек тилларидан сабоқ бериляпти...

Тарих қатидаги ҳақиқатлар мак­таб фаолиятини бошқариш, икки қарама-қарши куч ўртасида сабоқ бериш осон кечмаганига ишорадир. Шунга қарамай, Ажзий ўз эътиқодидан қайтмади. Мактаб фаолиятини давом эттирди. Ҳолвойи маҳалласида 1903 йилда қурилган ушбу бино ҳозир ҳам бор. Кейинчалик, ўлкада унга ўхшаш таълим даргоҳлари кўпайди. Аммо 1914 йил 3 январь куни Мир­зо Улуғбек мадрасаси жомесида жадид бобомизга қарши катта айблов қўйишди.

Муаз­зин Аббос минбарга чиқиб, Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларида очил­ган мактабларни "бидъадхона" деб қоралайди. Ўтилаётган дарслик ва  китобларни куфрона, дейди. "Кимки бу мактабларга оёқ босиб, сабоқ берса, ўзи кофир, хотини талоқ бўлсин" деб жар солади. Натижада мактаблар фа­олияти бирин-кетин тўхтайди.

Тазйиқ ва камситишлар узоққа бормади. Маърифатпарварларни ҳеч ким тўхтатиб қололмади. Ҳолвойида шу йили "Зарафшон" номли кутубхона очилади. Ўлкада тақиқланган асарлар Тифлис (ҳозирги Гуржистон)да нашр этиб келти­рилади.

Сиддиқий Ажзий ўзбек, рус ва тожик тилларида ижод қилган. Озорбай­жон матбуотида фаол иштирок этган. Ўз тақдирини Туркистон би­лан боғлаб, юпун халқ ва маърифат ҳимоясига отланди. 

Умрининг сўнги йилларигача шоир, педагог, жамоат арбоби сифатида кураш олиб борди. Ғалаён руҳидаги публицистик мақолалари "Қизил Ўзбекистон", "Овози тожик", "Зарофшон" газеталарида чоп этилди. Тиғли ҳажвий шеър­лари билан маърифатга йўл очди.

Ажзий қолдирган адабий мерос бой ва салмоқлидир. Шоирнинг 1914-1916 йилларда чоп этилган "Ганжинаи ҳик­мат", "Айнул адаб", "Анжумани арвоҳ" каби асарлари ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб жой олди.

"Инқилоб" журналининг 1924 йил  12-сонида Сиддиқий фаолияти ҳақида илиқ фикрлар ёзилади: "Бизнинг тек­ширадиганимиз самарқандлик шоири­миз Ажзийдир. Исми Саидаҳмадхўжа, унвони Сиддиқий. Ҳалвоий қишлоғида деҳқончилик билан машғул. Буюк бир истеъдодга эга бўлгандан кўп санъ­атларнинг устозидир. У яхши бир техник ҳам. Соат ва тур­ли машиналарни тузатмоқ ишларида машҳур. Яхши тикувчи ва тўқувчи, яна яхши овчидир. Мусиқа билан анча шу­ғулланган. Араб, форс, рус тилларини мукаммал билур. Форсча шеърлари форс адабиёти билан яхши таниш эка­нига шоҳид". 

Шоирнинг бизгача етиб келган ада­бий меросини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Бегали Қосимов бошлаб бер­ган илмий тадқиқотлардан кейин анча изланишлар олиб борилди. Маърифат­парвар адиб мероси ниҳоятда улкан ва бебаҳо. Бу ҳақиқатларнинг юзага чиқиши бир юртдош сифатида барчамизни қизиқтириши шубҳасиз.  

Ойҳумор АСАДОВА,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM