Жомбойда агрологистика маркази ташкил этилади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифи чоғида 16 апрель куни вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда берган топшириққа кўра, Бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар жорий йилда вилоятда амалга ошириладиган ишлар юзасидан аҳолига мурожаат қилди.

– Ҳисоб-китобларга кўра 2021 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 48,7 триллион сўмга етиб, вилоят иқтисодиёти 6 фоизга ўсиши кутилмоқда – деди Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ўз мурожаатида. – Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 20,2 триллион сўм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 35 триллион сўм, хизматлар ҳажми 18,5 триллион сўм бўлиши режалаштирилган.

Вилоятда "драйвер" йўналишларда 17 825 та лойиҳа аниқланди. Ва бу лойиҳалар ҳисобига 32 мингта янги иш ўринлари яратилади.

Жумладан, 368 та маҳаллада хизмат кўрсатиш, 260 тасида кичик ишлаб чиқариш, 235 тасида чорвачилик, 217 тасида иссиқхона, 125 тасида паррандачилик, 60 тасида асаларичилик, 50 тасида ҳунармандчилик каби йўналишларда лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Шу кунга қадар 2416 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, 5287 нафар фуқарога 134 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит, 298 нафар фуқарога бандлик жамғармасидан 1 миллиард сўм субсидия ажратилди. 3828 нафар фуқарога асбоб-ускуналар берилди ва 798 хонадонга 8 мингта товуқ тарқатилди. Шунингдек, аниқ фаолиятга ихтисослашган 58 та маҳалла аниқланиб, ихтисослашув йўналишларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

"Маҳаллабай" ишлаш тизими бўйича Пастдарғом тумани уч ҳудудга бўлиниб, "драйвер" йўналишлари белгиланди.

Вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда 5 та асосий драйверларга асосан кичик саноат зоналари сони кескин оширилади, йирик индустриал иссиқхоналар ташкил этилади, хизмат кўрсатиш, йўл бўйи инфратузилмаси яхшиланади, туризм, саноатда энергия таъминоти ва транспорт-логистикаси ривожлантирилади.

Вилоятда аҳоли зич жойлашган ва муҳандислик-коммуникация тизимига уланиш қулай бўлган 210 гектар бўш ер майдонида 88 та кичик саноат зонаси ва 412 гектар майдонда 5 та саноат зонаси (Пастдарғом, Тойлоқ, Жомбой, Самарқанд ва Ургут туманлари) ташкил этилади.

Бош вазир ўринбосари, аграр ва озиқ-овқат масалалари комплекси раҳбари Шуҳрат Ғаниевнинг таъкидлашича, Президентимизнинг топшириқларига асосан Самарқандда 2021 йилда умумий қиймати 4,7 триллион сўмлик 2869 та озиқ-овқат лойиҳаси амалга оширилади ва 336 мингта янги иш ўрни яратилади.

Жумладан, Жомбой, Булунғур, Тойлоқ ва Самарқанд туманларида сабзавот, полиз, дуккакли, мойли экинлар уруғларига ихтисослашган 4 та элита уруғчилик хўжаликлари ташкил этилади ва уларга 50 гектардан жами 200 га ер ажратилади.

Булунғур, Жомбой, Самарқанд, Тойлоқ ва Ургут туманларида 750 гектар майдонда 75 та элита, R-1 ва R-2 авлодли сабзавот уруғликлари етказиб бериш, Каттақўрғон, Паяриқ, Нуробод ва Қўшработ туманларида 150 гектар майдонда 15 та уруғчилик фермер хўжаликларида полиз уруғчилиги ташкил этилади.

Йил якунигача сабзавот, полиз, мойли ва дуккакли экинлар уруғларини саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича қиймати 1 миллион долларлик 2 та мобил трейлер олиб келинади. Натижада, уруғчилик хўжаликларида йилига 115 тонна сабзавот, полиз, дуккакли, мойли экинлар ҳамда 12 тонна полиз уруғлари етиштирилиб, сертификатланган уруғликлар “Uzbek seeds” бренди асосида фермер хўжаликлари ва аҳолига арзон нархда етказиб берилади.

Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича қиймати 1231 миллиард сўм инвестиция ҳисобидан қуввати 658 минг тонналик 108 та озиқ-овқат саноат лойиҳаси амалга оширилади ва 20 мингта иш ўрни яратилади.

Жомбой туманида Осиё тараққиёт банки ва Франциянинг "Rangis Semmaris" компанияси билан ҳамкорликда 56 миллион доллар сарфланиб, 492 минг тонна қувватдаги йирик агрологистика маркази ташкил этилади.

"Эриелл" компанияси томонидан Самарқанд ва Булунғур туманларида етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотларини қабул қилиш ва янги «Карго» тизими орқали экспортни амалга ошириш йўлга қўйилади.Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ирригация-мелиорация йўналишида "Булунғур сув омбори"ни қурилиши давом эттирилиб, келгуси йилдан 35 минг гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланади. 7,6 миллиард сўмлик жами 15,5 километр узунликдаги коллектор тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади ҳамда жами 372 гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Вилоят ўрмон хўжаликлари томонидан 700 гектар фойдаланилмаётган ер майдони тўлиқ ўзлаштирилади. Вилоят ўрмон фонди ерларида ташриф ва қарорлар доирасида жами 1 477 гектар майдонда иқлим ва тупроқ шароитига мос 802 гектарда писта, 210 гектар бодом, 85 гектар ёнғоқ, 200 гектар павловния, 180 гектар майдонда терак плантациялари барпо этилади.

Ғолиб ҲАСАНОВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM