Қишлоқ хўжалиги заҳматкашлари учун баҳорнинг илк нафасидан қизғин мавсум бошланган. Айниқса, апрель-май ойларида пилла парвариши билан боғлиқ машаққатли, аммо шарафли меҳнат жараёни кечади. Айни кунларда хўжаликларда касаначилар билан келишиб олиш, тутзорларни тартибга келтириш, парваришхоналарини тайёрлаш ишлари давом этяпти.
Туман ҳокими ва сектор раҳбарлари жойларда бўлиб, фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари, аҳоли вакиллари, фаол хотин-қизлар, тажрибали пиллакор-касаначилар билан давра суҳбати ўтказишяпти. Шундай учрашувлар “Дўстлик”, “Ҳақиқат”, “Алишер Навоий”, “Гулистон” ва “Маматқул Бозоров” ММТП ҳудудида ташкил этилди.
– Мавсумга ўзгача ҳозирлик кўриляпти, – дейди “Jomboy silk” масъулияти чекланган жамияти раҳбари С.Ёриев. – Ҳар бир касаначи билан шахсан суҳбатлашишга ҳаракат қиляпмиз. Бир килограмм пилла учун бу йил 25-30 минг сўмдан ҳақ тўланиши белгиланган. Режани ортиғи билан бажарган пиллакорлар албатта, қўшимча рағбатлантирилади. Шунингдек, алоҳида ташаббус кўрсатган маҳалла раислари, хўжалик фаоллари учун ҳам мукофотлаш тизими йўлга қўйилади.