Сессия: 10 та маҳаллада жиноятчилик кузатилмади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ депутатлари туман кенгашининг 27-сессияси ўтказилди. Тадбирда сектор раҳбарларининг бир ойлик иш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Мавзу юзасидан туман ҳокими, прокурори ва ИИБ бошлиғи, шунингдек, давлат солиқ инспекцияси раҳбари сўзга чиқди.

Қайд этиш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 15-16 апрель кунлари вилоятимизга қилган ташрифлари давомида қуйи тизим мутасаддилари, хусусан, сектор раҳбарлари зиммасига қатор вазифалар юкланди. Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туманимизни барча соҳалар бўйича ривожлантириш прогнозлари ишлаб чиқилмоқда. Туман ҳокими ва сектор раҳбарларининг бу борадаги бир ойлик иш режаси тузиб олинди. Сессия ишида 69 банддан иборат ушбу чора-тадбирлар муҳокамага қўйилди.

Тадбирда жиноят, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича туман суди раислари томонидан уч ойлик фаолият сарҳисоби ҳақида ахборот берилди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи С.Шавманов I-чоракда содир этилган жиноятлар таҳлили бўйича маъруза қилди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида 74 та жиноят содир этилган. Шундан 27 таси унча оғир бўлмаган, 11 таси оғир ва 5 таси ўта оғир туркумга мансуб. Айниқса, ўғирлик, йўл-транспорт ҳодисаси ва енгил тан жароҳати етказиш бўйича ҳолатлар сезиларли ошгани танқид қилинди. Нўш, Тўққизбой, Шодлик, Ҳолвойи, Ғазира, Қўнғирот, Полвонариқ, Олмазор, Қўрғонсоломон ва Қорамўйин маҳаллаларида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кузатилмагани эътироф этилди.

Туман ҳокими маслаҳатчиси Ҳ.Ўсарова “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турган фуқароларнинг муоммоларини ҳал этиш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳолати юзасидан маълумот берди. Ишсиз шахсларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларга асбоб-ускуна ажратиш юзасидан таклиф киритди.

 Сессия ишида кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўрилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг тегишли қарорлар қабул қилинди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM