“Темир дафтар”да 398 та оила қолди, яқин кунларда уларнинг ҳам барқарор даромади бўлади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Аввал хабар қилганимиздек, Президентимиз топшириқлари ижроси юзасидан туман ҳокими ва сектор раҳбарлари аҳолига мурожаат қилмоқда. Навбатдаги тадбирлар Саричашма ва Талдираззоқ маҳаллаларида ўтказилди.

Эътиборлиси, 4-5 ой аввал ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича туманимиз “қизиқ” ҳудудлар қаторида эди. Имкониятлардан фойдаланган ҳолда бугун “яшил” туманлар сафига кирдик. Эндиликда кўрсаткични сақлаб қолиш, рақамларни янада яхшилаш масъулияти турибди.

Туманимизда 1 апрель ҳолатига 2602 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 365 таси сўнгги уч ойда ташкил этилган. II чоракда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар сонини яна 305 тага ошириш мақсад қилиняпти.

Иқтисодий кўрсаткичларни аҳоли бандлигини таъминламай туриб яхшилаб бўлмайди. Йил давомида 2074 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган бўлса, биринчи чоракда шундан 434 таси ташкил этилиб, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланган.

Туман ҳокими Қаюм Собиров ўз мурожаатида Юртбошимиз ташаббуслари билан бошланган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” хусусида, “Маҳаллабай” ишлаш механизмининг туманда ташкил этилганлик ҳолати бўйича ахборот берди.

Таъкидланишича, 2346 та жомбойлик оилалар эҳтиёжманд сифатида эътироф этилиб, “Темир дафтар”га киритилган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунгача 1948 та оиланинг доимий даромад манбаи шакллантирилган. Айни вақтда яна 398 та оила “Темир дафтар”да сақланиб турибди. Йилнинг 2-3 чораклари давомида уларнинг ҳам ижтимоий ҳолатини яхшилаш, барқарор даромадга эга бўлишини таъминлаш режалаштирилган.

Тадбир давомида аҳоли мурожаатлари ҳам қабул қилинмоқда.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM