4-мактабнинг сиғими қанча? Ёхуд журналист савол қўя билиши ҳам керак

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

“Ўзбекистон бунёдкори” газетасининг жорий йил 30 мартдаги 24-сонида “Хавотир олманг, раис, сизни эшитадиганлар бор...” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда туманимиздаги “Тўққизбой” маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга эмаслиги, ҳудуддаги кўчалар таъмирталаб экани, маиший хизмат нуқталари, ижтимоий соҳа объектларига эҳтиёж катта бўлса-да, шу пайтгача ташкил этилмагани танқид қилинган.

Аввало, бир жиҳатни инобатга олиш ўринли. Сўз юритилаётган маҳалла ҳақиқатан ҳам марказдан олис, оғир ҳудудлар сирасига киради. Жорий йилда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши белгиланган маҳаллалар қаторига “Тўққизбой” ҳам киритилгани бежиз эмас. Жумладан, давлат-хусусий шерикчилик асосида маҳалла биноси қуриш, ички йўлларга тош тўшаш, янги иш ўринлари яратиш ҳисобига аҳоли реал даромадларини ошириш режалаштирилган.

Ушбу мақсадда маҳаллий тадбиркор Воҳид Туронов ташаббуси қўллаб-қувватланди. Олти сотих ер майдони ажратилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Айни пайтда маҳалла маркази ва унга ёндош савдо дўкони, чойхона, тикувчилик цехи, новвойхона ҳамда хизмат кўрсатиш биноларини бунёд этиш бошлаб юборилган.

Маҳалла болалари таълим-тарбия олаётган 29-давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 4-умумтаълим мактаби борасида мақолада келтирилган фикрлар бироз таажжубли.

Жумладан, журналист 4-умумтаълим мактаби директори Ф.Маҳмудов тилидан “Ўқувчилар сони мактаб сиғимидан икки баробар кўп. Келгусида дарсларни ташкил этиш катта муаммони келтириб чиқариши табиий” дейди. Ваҳоланки, 4-умумтаълим мактаби 2018 йилда қурилган, барча шароитларга эга. Сиғими 660 нафар ўқувчи учун мўлжалланган. Болалар туғилиши прогноз кўрсаткичи инобатга олинса, муассаса учун 2040 йилга бориб қўшимча бинога эҳтиёж туғилиши мумкин.

Мактаб директори мақолада келтирилган интервью унга тегишли эмаслигини билдирди. Шундай бўлгани ҳолда журналист нега юқоридаги хулосаларга келгани бизга қоронғу.

Хулоса қилиб айтганда, “Тўққизбой” маҳалласида муаммолар мавжудлиги ҳақиқат. Аммо мақолада таъкидланганидек, туман раҳбарлари эътиборидан четда қолган эмас. Ички йўлларни таъмирлаш давом этяпти. Маҳалла маркази эса апрель ойи сўнггига қадар қуриб битказилиши кутиляпти.

Афсуски, мақола муаллифи ўрганиш жараёнида на соҳага масъуллардан, на туман ҳокимлиги ахборот хизматидан изоҳ олмаган. Агар халқ олдида ҳисобдор бўлган мутасаддиларга саволлар қўя билганида бундай янглиш хулоса ва тасаввурлар юзага келмаган бўларди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM