Прокурорнинг вазифасини судья бажармаслиги керак

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилди.

Янги тизим суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти устидан бевосита суд назоратини назарда тутади. Бунда жиноят ишининг келгуси ҳаракати масалаларини тортишув принципига кўра ҳал этилади.

Дастлабки эшитувни ўтказиш асослари иш судга юборилганидан сўнг тарафларнинг ҳар бири судга бевосита мурожаат қилиши ва ўзи учун муҳим бўлган масалалар бўйича исталган саволларни бериши мумкинлиги ҳақидаги фундаментал қоидага асосланади.

Ҳозирда бу ҳуқуқ фақатгина суд муҳокамаси босқичида илтимосномалар киритиш, суд мунозараларида иштирок этиш, кўрилаётган масала бўйича ўз фикрини билдириш орқали амалга оширилмоқда. Эндиликда суд муҳокамасида эмас, ишнинг дастлабки эшитувида таъминланиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат, дастлабки эшитувда номақбул далилларни базадан чиқаришнинг асосий ташаббускори айнан ҳимоячи (демакки, айбланувчи) бўлади. Бу эса суд жараёнини фаоллаштиради, жонлантиради, айблов тарафини зийрак тортишга, процессга пухта тайёргарлик кўришга мажбур этади. Суднинг мазкур босқичини юзаки формализмдан процессуал реализм сари олиб чиқади.

Афсуски, прокурорларнинг суд процессига тайёргарлиги даражаси кўпинча паст бўлади.  Натижада давлат айбловчиси функциясининг айрим элементлари судья томонидан амалга оширилиши кузатилмоқда. Масалан, иш материалларини пухта ўрганмаган прокурор суд терговида сўроқ қилинаётган процесс иштирокчиларига саволлар бера олмайди, саволлар судьянинг ўзи томонидан берилишига тўғри келади.

Ушбу номақбул ёндашув бўлиб иштирокчилар тасаввурида “судья айблов тарафида экан” деган тушунчанинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Айнан дастлабки эшитув жараёнида прокурор фаоллашиб, судьяни унинг холислигини шубҳага соладиган ҳар қандай вазиятлардан ҳоли этади.

Мамаюсуф ШЕРЙИГИТОВ,

Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM