Боланинг бегонаси бўлмайди: Туман прокуратураси хайрия акцияси ўтказмоқда

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Эзгулик, меҳр-саховат чегара билмайди. Айниқса, эътиборга муҳтож инсонга озгина ғамхўрлик кўрсатилса, унинг ҳаётдан, давлат ва жамиятдан рози бўлишига эришиш мумкин. Халқимизда боланинг бегонаси бўлмайди, деган нақл бежиз айтилмаган. Бугун кўнгли ярим, меҳрга ташна гўдак бир кун келиб жамият учун фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишса, ажаб эмас.

Туман прокуратураси томонидан ташкил этилган “Ҳар бир болага меҳр-эътибор” хайрия акцияси ана шундай эзгу мақсадларни кўзлайди. Тадбир доирасида туманимизда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оила фарзандлари, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда боқувчисини йўқотган, васийликка олинган гўдаклар ҳолидан хабар олинди. Элликдан ортиқ ўқувчиларга портфель, ўқув қуроллари тўплами, бадиий китоблар жамланмаси совға қилинди. Мактабгача ёшдаги болажонлар учун эса велосипед, дастлабки сабоқ олишларига мўлжалланган тарқатма материаллар берилди.

Акциядан уй таълимига жалб этилган ўқувчилар ҳам четда қолмади. Самарқанд, Олмазор, Қўнғирот маҳаллаларида истиқомат қилувчи ўқувчилар хонадонига туман прокурори Алишер Турумов ташриф буюриб, улар билан суҳбатлашди. Ёқтирган фан соҳалари, келажакдаги режалари билан қизиқди. Ушбу ўқувчилар учун ўқув қуроллари тўпламига қўшимча синф партаси ҳам совға қилинди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM