Отасининг орзусини амалга оширган муаллима

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Дилором Камолова туманимиздаги 20-умумтаълим мактабида 25 йилдан бери физика фанидан дарс бериб келади. Халқ таълими аълочиси, "Шуҳрат" медали соҳибаси.  Устоз яқинда – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз фармонига кўра, "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди. 

Жажжи муаллима

Дилором Камолованинг ўқитувчиликка қизиқиши болалик чоғларида пайдо бўлган. Тенгдошлари "Бекинмачоқ ёки қувлашмачоқ ўйнаймиз", деганларида, йўқ "мактаб-мактаб" ўйнаймиз, деб уларни ҳам ўқишга қизиқтирган. Ва бу ўйинда жажжи Дилором, албатта, "муаллима" бўлган.

Отаси Тувал ака "менга армон бўлган орзумни амалга оширадиган миттигина муаллима қизим", деб эркаларди. 

Дилором опанинг муаллима бўлиш орзуси бор эди, аммо қайси фан ўқитувчиси бўлиш керак, деган савол уни қийнарди. Сабаби, мактабда ҳамма фандан аъло баҳоларга ўқирди. Физика фани ўқитувчиси Боли Шоҳназаровнинг дарс ўтиш жараёни унга кўпроқ ёқарди. Ва у ҳам шу йўлдан кетди.

Ўқитувчилар оиласининг келини

Дилором опанинг отаси ошпаз, онаси эса ҳамшира сифатида ҳалол меҳнати билан 8 фарзандни вояга етказган. Ўқимишли, уйли-жойли қилган. Уларнинг 4 нафари олий маълумотли. Фарзандлар орасида фақат Дилором опа ўқитувчилик касбини танлади. Боли Шоҳназаров хонадонига келин бўлиб тушди.

– Отам айрим сабабларга кўра ўқитувчи бўлолмаган, – дейди Д.Камолова. – У киши кимнингдир таржимаи ҳолида, “ўқитувчилар оиласида дунёга келганман”, деган ёзувни ўқиса, ҳавас қилган. Невараларимнинг таржимаи ҳолида шу битик бўлиши керак, дерди кўпинча отам. Устозим – қайнотам, қайнонам ҳам ўқитувчи, турмуш ўртоғимнинг мактабда физика фанидан дарс бериши мен учун энг катта бахт бўлди. 

10 нафар шогирд талаба бўлди

Мактабнинг физика синфхонасида 300 дан зиёд кўргазмали қуроллар мавжуд. Бу – ўқувчиларнинг чуқур билим эгаллаши учун катта имконият. 

– Дилором Камолова ўқувчиларга ҳар бир дарсни қизиқарли, содда тилда, кўргазмали қуроллар билан тушунтиришга ҳаракат қилади, – дейди мактаб директори Сайхалбек Наримов. – У ўз фанига меҳр қўйган муаллима. Репититорлик қилмайди. Шогирдлари дарс жараёнида олган билимлари билан талаба бўлиш учун тест синовларидан қийналмай ўтади. Шу йилнинг ўзида физика фанидан имтиҳон топширган 10 нафар шогирди нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга кирди. 

Эркак ўқитувчилар мактабга қайтяпти

Сир эмас, бундан 15-20 йил илгари кўпгина эркак ўқитувчилар мактабдаги ойлик маош камлиги туфайли бошқа даромадли юмушлар билан шуғулланиб кетганди. Дилором Камолованинг турмуш ўртоғи ҳам мактабни тарк этиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасини ишга туширган. 

– Машаққатлар билан эришганим – ўқитувчилик касбининг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор экан, – дейди Д.Камолова. – Оиламиз бошидан қувончли кунлар билан бирга ташвишли дамлар ҳам ўтди. 4 нафар фарзандимиз бор. Уларнинг ҳам икки нафари ўқитувчи, бири эса талаба, яна бири мактаб ўқувчиси. Кейинги йилларда устоз ва мураббийларга қаратилаётган эътибор, келгусида яратиладиган имкониятларни кўриб, турмуш ўртоғим кўнглида ҳам мактабга қайтиш истаги пайдо бўлди. Бундан беш йил олдин мактабимизда 60 дан зиёд педагогларнинг бор-йўғи 5 нафари эркак ўқитувчи эди. Бугунги кунда жамоамизда улар сафи кенгайиб, 15 нафарга етди. Оилада эркак кишининг алоҳида ўрни бўлгани каби мактабда, ўқувчилар тарбиясида ҳам уларнинг роли катта. 

Дилором Камолова мактабда физика фанидан дарс бериш билан бирга ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ҳам фаолият юритмоқда. Унга бир неча марта бошқа раҳбарлик лавозимларида ишлаш таклифи берилган, аммо барчасини рад этган. Ўқувчиларига таълим бериш жараёнидан узоқлашишни истамаган. Ўқувчиларининг ҳар бир ютуғини қувончини, эл ўртасидаги обрў-эътиборидан ўзидан кўра кекса ота-онаси кўпроқ севинишини ҳар қандай лавозимдан устун қўяди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM