Депутатлар МТБ мудирининг ахборотини қабул қилмади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги – ХI сессияси ўтказилди. Тадбирда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминлаш, дезинфекция ишларини ташкил этиш, янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини муҳокама қилиш ва муассасалар фаолиятини тиклаш мавзуидаги масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибига кўра, халқ таълими бўлими мудири З.Юсупова ҳамда мактабгача таълим бўлими мудири Д.Облоқулованинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, бугун тумандаги 56 та умумтаълим мактабида 32 минг 349 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Янги ўқув йили учун яна 3568 нафар болажонлар 1-синфга қабул қилинган.

Жорий йилнинг 25-26 август кунлари пандемия шароитида ўқув йилини бошлаш мавзуида ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилган. Тадбирга 29 минг 430 нафар респондент (жами ота-оналарнинг 91 фоизи) жалб этилган. Натижада, 23 минг 41 нафар ота-она (78 фоиз) дарсларни анъанавий шаклда бошлаш, 6389 нафар ота-она (22 фоиз) ўқишни онлайн тарзда ташкил этиш фикрини билдирган.

– Мавзу жуда жиддий, олдимизда фарзандларимизни хатарли хасталикдан асраш, шу билан бир қаторда, уларнинг қониқарли билим олишларини таъминлаш масъулияти турибди, – деди халқ таълими бўлими мудири З.Юсупова. – Янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида 48 та мактаб жамоаси тиббий текширувлардан ўтказилди. Жараёнга 1934 нафар ўқитувчи қамраб олинди. Афсуски, дастлабки натижалар 40 нафар педагогда “COVID-19” инфекцияси мавжудлигини тасдиқлади. Яна 28 та мактаб ўқитувчиларидан олинган тест натижалари кутилмоқда. Хасталикка чалинган ходимлар таълим жараёнига жалб этилмайди. Улар онлайн тарзда иш фаолиятини давом эттириши мумкин.

Шунингдек, ахборотда айтилишича, мактабларда оралиқ масофани сақлаш, ўқувчиларни зарур тиббий воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилган. Ҳар бир муассасада алоҳида тиббиёт хонаси ташкил этилган. Уларда тиббиёт бирлашмасидан бириктирилган ҳамширалар фаолият юритади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, янги ўқув йилини 34- ва 38-умумтаълим мактабларида 16 сентябрдан тажриба-синов сифатида бошлаш таклиф қилинди. Шунингдек,  “COVID-19” инфекцияси аниқланмаган 4-, 5-, 6-, 7-, 8-, 12-, 14-, 16-, 19-, 21-, 35-, 54-мактабларда дарсларни 21 сентябрдан тегишли кетма-кетликда очиш кун тартибига қўйилди.  Қолган мактаблар фаолиятини тиклаш келгусида, вазиятдан келиб чиқиб ҳал этилиши тавсия этилди.

Иккинчи масала юзасидан туман мактабгача таълим бўлими мудири берган ахборот депутатлар томонидан қизғин мунозараларга сабаб бўлди.

Қайд этиш лозимки, МТМлар фаолиятини тиклаш бўйича тарбияланувчиларнинг ота-оналари ўртасида сўровнома ўтказилган. Жараёнда 2048 нафар иштирокчи қатнашган. Уларнинг 44,7 фоизи анъанавий тарзда МТМлар фаолиятини тиклаш фикрини маъқуллаган. Онлайн таълим вариантини 19,5 фоиз, уйда тарбиялаш фикрини 11,5 фоиз респондент қўллаб-қувватлаган.

– Давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини босқичма-босқич бошлаш бўйича бўлимнинг режа жадвали ишлаб чиқилган, – деди Д.Облоқулова. – Муассасалар очилса, аввало, катта ва тайёрлов гуруҳ тарбияланувчилари қамраб олинади. Гуруҳларда болалар сони 15 нафардан ошмайди. Вазиятдан келиб чиқиб, кейинчалик, ўрта ва кичик гуруҳлар хам ўз фаолиятини бошлаши мумкин. Юқорилардан келиб чиқиб, 14 сентябрдан МТМлар фаолиятини тиклаш таклифини билдираман.

Бўлим мудирининг ахбороти юзасидан депутатлар Ў.Нажмиддинов, К.Умарова ҳамда Д.Ўролбоевнинг фикрлари эшитилди. Аввало, сўровнома ўтказишда ота-оналар сафини янада кенгайтириш зарурлиги, жамоатчилик фикри сифатида қабул қилиш учун 44,7 фоиз овоз камлик қилиши айтилди. Ахборотда айнан қайси МТМлар мавсумга тайёр эканига ойдинлик киритилмагани танқид қилинди.

Сессияда янги ўқув йилини 16 сентябрдан босқичма-босқич тарзда бошлаш таклифи маъқулланди. Туман мактабгача таълим ташкилоти мудирининг ахбороти депутатлар томонидан рад этилди ва кейинги сессияларда қайта кўриб чиқилиши белгиланди.

2015-2020 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM