Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий орзуси мустақиллик сабаб рўёбга чиқди – туман ҳокими байрам муносабати билан жомбойликларни табриклади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар,

Қадрли жомбойликлар!

Энг улуғ, энг азиз байрам – давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Шундай шукуҳли кунларда, авваламбор, Сиз азизларни ва бутун туманимиз аҳлини муборак айём билан самимий қутлайман.

Хабарингиз бор, бу йилги тантаналар “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним”, деган бош ғоя асосида ўтказиляпти. Ўтмиши буюк, келажаги умидли Ватанимизга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўзлар ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Мустақиллик бу шунчаки, байрам эмас. Юз йиллар давомида, бир неча авлод кўнглида армон бўлган ушалмас орзунинг рўёбга чиқиши, озод юрт сифатида жаҳон халқлари билан тенглашиш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Дунёда бирор миллат йўқки, ҳурлик сари интилмаса. Зотан, жамоани халқ сифатида шакллантирадиган куч ҳам ана шу туйғуда мужассам.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганига 29 йил тўлди. Ўтган шу қисқа давр мобайнида амалга оширилган улкан бунёдкорлик, буюк ислоҳотлар бир-бир кўз ўнгимиздан ўтади.

Ўтиб бораётган йил инсоният учун синовли келгани сир эмас. Коронавирус инфекцияси сабаб нафақат юртимиз, балки, бутун дунё пандемияни бошидан кечирмоқда. Аммо ҳукуматимизнинг оқилона сиёсати, шифокорларимизнинг фидокорона меҳнати ва халқимизнинг бирдамлиги билан оғир кунларни ортда қолдиряпмиз.

Президентимиз бир жумлани кўп такрорлаяптилар. Яъни, пандемиядан янада бақувват, кучли бўлиб чиқиш олдимизга қўйган асосий мақсаддир. Туманимизда қишлоқ хўжалиги, саноат, иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларда маълум ютуқларга эришдикки, бунда меҳнати сингган барчангизга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Жорий йилги мавсумда қишлоқ хўжалиги заҳматкашлари пилла ва ғалла режасини ортиғи билан бажаришди. Учинчи чорак якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1 триллион 760 миллиард сўмга етказиш режалаштирилмоқда. Натижада, олдимизга қўйган марра 103,4 фоизга бажарилади. Бунинг учун корхоналар фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш мақсадида иқтисодий комплексга дахлдор бўлган мутахассислардан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йил якуни билан ишлаб чиқариш ҳажми
2 триллион 5 миллиард сўмга етади. Бу ўтган йилга нисбатан 101,2 фоиз ўсиш суръати дегани.

Ўрни келганда бир маълумотга эътиборингизни қаратмоқчиман.

1991 йил сентябрь ойида туманимизда 24 та саноат корхонаси ишлаб турган эди. Улар томонидан бир йилда 320 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Қўшма корхоналар мавжуд бўлмаган.

Бугун туманимизда 2644 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 389 таси саноат-ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 39 таси қўшма корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичи 2,5 триллионга яқин.

Бу рақамларни ёдга олишимиз бежиз эмас. Киши ортига қараб, ўтган кунларини сарҳисоб қилиб, хатоларидан хулоса, ютуқларидан мамнунлик туйсагина янги ва янги марралар сари дадил қадам ташлайди.

Дунё иқтисодиётини таназзул ёқасига олиб келган коронавирус пандемияси даврида юртимизнинг бир парчаси бўлган туманимизда қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом этяпти. “JV MAN” автомобиль заводидан туманимиз марказига элтадиган йўлнинг шу синовли кунларда замонавий қиёфа касб этаётгани, Катта қишлоқ, Тошкент, Аҳмаджон Қурбонов, Шодлик маҳаллаларида шинам уй-жойлар бунёд этилаётгани, Ҳолвойи, Шерқўрғон каби қишлоқларимизда эса ёшлар ҳунармандчилик гузарлари ишга тушгани 173 минглик Жомбой халқининг матонатидан дарак беради.

Туманимиздан етишиб чиққан жадид алломаси Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий ўзининг “Миръоти ибрат” асарида Зарафшон дарёси қирғоқларида гўзал кент қуриш ҳақидаги эзгу орзуларини қаламга олган эди. Достонда ҳозирги Жомбой ҳудуди тунда чароғон кўчаларга эга бўлган, халқи осмонўпар иморатларда яшайдиган, телефон, автомобиль (!) саноати ривожланган хаёлий гўша сифатида тасвирланади. Қарангки, орадан бир аср ўтиб, улуғ аждодимиз орзулари бугун рўёбга чиқяпти.

Азиз дўстлар!

Шубҳа йўқки, барча ютуқларимиз истиқлол неъмати сабаб юзага келган имкониятлар мевасидир. Аммо олдинда қилиниши зарур бўлган ишларимиз ҳам талайгина. Мустақиллик ҳадя этган шу неъматлардан баҳраманд бўлиш яхши, албатта. Асосий вазифамиз, бурчимиз эса мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, халқимиз учун янада фаровон турмуш шароитлари яратишдан иборат.

Айни кунлдар эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати уюшқоқлик билан давом этмоқда. Пандемия бошланган кунларда туманимизда истиқомат қилаётган 2170 та оила камбағаллик рўйхатига киритилган эди. Дастлабки босқичда уларнинг 214 таси оила бошлиқларининг бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаига эга бўлди. Куни кеча ўтказилган туман кенгаши сессияси қарори билан яна 597 та оила камбағалликдан чиқарилди. Хўш, бунга қандай эришиляпти, деган савол туғилиши табиий.

Оилаларни камбағалликдан чиқариш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг махсус тартиби қабул қилинган. Унга кўра, туманимизда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили ишлаб чиқилди. Бунда маҳалла ва қишлоқлар муайян ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириляпти. Мазкур тадбир доирасида муҳтож оилаларга парранда, чорва моллари тарқатилди, ҳунармандчиликнинг маълум йўналишларига аҳоли жалб қилинди. Енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилди. Шунингдек, турли тармоқларда норасмий фаолият юритиб келаётган
1680 нафар фуқароларимиз бандлиги қонунийлаштириш орқали таъминланди. Олдимизда яна 1535 та оила учун муносиб турмуш шароити яратиш, бандлигини таъминлаш, шу орқали “Темир дафтар”дан чиқариш вазифаси турибди. Демоқчиманки, ҳали қилишимиз зарур бўлган ишларимиз кўп. Бунда барча соҳа ходимлари, корхона ва ташкилотлар, масъул мутасаддиларга куч-ғайрат, шижоат тилайман.

Қадрли жомбойликлар!

Барчангизни яна бир Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги айёми билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Оилангиздан тотувлик, сиҳат-саломатлик, хонадонингиздан қут-барака аримасин. Юртимиз мустақиллиги, халқимиз иқболи бардавом бўлсин.

Байрамингиз билан, азизлар!

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM