Сессияда эпидемик вазият таҳлил қилинди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги IХ сессияси ўтказилди. Тадбирни 8-Сарой округидан сайланган депутат Ў.Нажмиддинов олиб борди.

Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш ва замононавий тез тиббий ёрдамни ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига доир масала юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Эрмуҳаммад Боймуродов сўзга чиқди.

Қайд этилишича, коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони туманда 186 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 74 фоизи хасталикдан соғайган, 47 нафар бемор эса шифохона ва уй шароитида муолажа олмоқда. Афсуски, хасталикка чалинган бир бемор ҳаётдан кўз юмган.

Коронавирусга қарши курашиш фаолиятига жалб этилган жомбойлик шифокор ва ҳамширалар сони 1052 нафарни ташкил этади.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи рақамларга тўхталар экан, карантин чекловларининг юмшатилиши инфекция буткул чекинганини англатмаслигига эътибор қаратди.

– Яна бир муҳим жиҳат, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишимиз зарур, – деди Э.Боймуродов. – Иммунитетни ошириш чораларини кўриш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга одатланиш ҳар қандай хасталикка қарши курашишда яхши самара беради. Ҳар куни маълум масофага пиёда юришни тавсия этамиз. Кузатишлар давомида цинк (рух) ҳамда “Д” витамини етишмаслиги беморларда хасталик оғир кечишига сабаб бўлиши аниқланди. Шу сабаб, “Аскорбин” кислотасининг алоҳида захираси яратилди. Шунингдек, “Плаквинил” дори воситасидан туман захирасига 72 қути жамғарилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли хасталиклар бўлимида 8 та кислород баллонлари билан таъминланган ўринлар мавжуд. Туманимиздаги Авто-мактаб базаси негизида 150 ўринли саралаш ва тақсимлаш маркази ҳам яқин кунларда ишга туширилади. Ушбу муассасада 15 та кислород бериш нуқтаси фаолият юритиши кутилмоқда.

Инфекцияга қарши курашиш доирасида туман маҳаллий бюджетидан 8 миллион сўмлик кислород баллонлари, 2 та “Damas” махсус автотранспорт воситаси, 180 дона бир марталик комбинезон харид қилинган. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият кўрсатаётган умумий амалиёт шифокорларига 40 та мобиль телефонлар бир йиллик олдиндан абонент тўлови амалга оширилган ҳолда ажратилган.

Депутатлар бош вазирнинг тадбиркор мурожаатларини кўриб чиқиш туман қабулхонаси ҳамда “Жомбой агропилла” МЧЖ фаолиятига доир масалаларни ҳам муҳокама этишди. Туман маъмурий суди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суд раислари томонидан I ярим йиллик якунлари бўйича ахборот берилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор лойиҳалари тасдиқланди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM