Жомбой мактаблари янги ўқув йилига тайёрми?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Қоғоздаги лойиҳалар амалга ошадими? Сентябрдан кутилаётган ўзгаришларга ўқитувчиларнинг муносабати қандай? Туман халқ таълими бўлими мутасаддиларидан шу ва бошқа саволларга жавоб олдик:

– Жомбой мактабларида янги ўқув йилига қандай ҳозирлик кўриляпти?

– Таътил даврида асосий эътибор таъмирлаш ишларига қаратилди. Дарслик ва ўқув-методик адабиётларга бўлган эҳтиёжни август ойида шакллантиряпмиз. Тарификация ишлари ҳам бошланган. Жорий ўқув йили анъанавий ёки онлайн тарзда бошланишидан қатъий назар, тумандаги 56 та умумтаълим мактаби шай ҳолатга келтирилган.

– Бу йил 1-синфларни мактабга қабул қилиш карантин кучайтирилган вақтга тўғри келди. Жараён охирига етказилдими?

– Мактабларнинг қамров имкониятига қараб, ҳар йили режа белгиланади. 3500 нафар бола 1­-синфга қабул қилиниши керак эди. Туман ҳудудида арзон уй-­жойларнинг қурилаётгани, кўчиб келиш кўпайгани ҳисобига 3568 нафар болани рўйхатга олдик. 2014 йилнинг июнь ойигача туғилган, яъни 6,5-7 ёшли ўқувчилар ортиғи билан қамраб олинди. Тошкент шаҳри мактабларида бу жараён масофадан туриб амалга оширилган бўлса, туманда анъанавий йўлга қўйилди. Карантин талабларига қатъий риоя қилиб, ўқувчиларни қабул қилдик. Лозим бўлганда, ўқитувчилар уйма-уй юриб, рўйхатга олишди. Муҳими, қабулни муваффақиятли якунладик.

– Мактаб ярмаркалари бу йил ҳам ишлайдими? Уларни қайси ҳудудда ташкил этиш режалаштирилган?

– Ўқувчига дафтар-қалам, ўқув қуроллари албатта, керак. Талаб кескин ортган пайтда бозордаги нарх-наво ошиб кетиши мумкин. Ярмаркани ташкил этишдан асосий мақсад ҳам сунъий тақчилликка йўл қўймасликдир. Вазирлик тавсияси билан ҳар йили 15 августда мактаб анжомларини арзон нархда сотиш тартиби йўлга қўйилар эди. Тўртта секторда тадбиркорлар учун шароит яратиб берилиши керак. Ҳозирча, бундай топшириқ бўлгани йўқ. Ярмарканинг қачон ташкил этилиши номаълум.

– Жомбой мактаблари учун қанча дарслик ва ўқув қўлланмаси керак бўлади? Буюртма берилганми?

– 1-синфларга 10 704 дона машқ ва ёзув дафтари учун буюртма берилган. Аммо эски дарслик асосида таҳсил олишади. Президент совғаси таркибидан 1-синф дарсликлари чиқариляпти. Улар учун икки йилда бир марта китоб бериладиган бўлди. 10-11-синфларнинг дарслиги етарли. 27 тўплам ортиғи билан турибди. Бу китоблар эҳтиёжи бор туман мактабларига ижара асосида берилиши мумкин. 2-9-синфлар учун эса 14 211 дона дарслик керак бўлади. Рус синфларида ҳам эҳтиёж бор. Дейлик, 3-синфларга – 21 тўплам, 6-синфларга – 13 тўплам, 7-синфларга – 6 тўплам, 8-синфларга – 5 тўплам ва 10- синфларга – 8 тўплам дарслик етишмайди. Уларни вилоят захирасидан олиш бўйича таклиф киритилган.

– Онлайн дарслар давом этадиган бўлса, кўпроқ қайси омилларга эътибор қаратилади? Ўтган ўқув йили масофавий таълимда қандай хато ва камчиликлар кузатилди?

– Уйга вазифа сифатида берилган топшириқларни назорат қилиш механизми мукаммал ишлаб чиқиляпти. Ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди кўпроқ ота-оналар ёрдамига эҳтиёж туғилади. Ўтган ўқув йили чекка ҳудудларда интернет яхши ишламади. Телевидениеда узатилган дарсларни ўзлаштириш бир ёқлама бўлиб қолди. Ўқитувчи-ота-она-ўқувчи ўртасида ҳамкорлик чекланди. Бу эса ўз-ўзидан онлайн таълим сифатига салбий таъсир қилди.

– Сентябрдан яна шу ҳолат давом этиши мумкинми?

– Йўқ. Чунки 5-, 6-, 17-, 18-, 20-, 23-, 24-, 28-, 35-, 40-, 46-, 51- ва 56-мактаблар интернет тармоғига уланди. 3-, 4-, 7-, 8-, 11-, 21-, 33-, 35-, 26-, 27-, 37-, 42-, 44-, 50-мактабларга оптик толали кабеллар тортиляпти. Декабрь ойига қадар ушбу мактаблар ҳам интернетдан фойдалана олади. Қолган ҳудудлар босқичма-босқич сифатли интернет хизмати билан қамраб олинади.

– Математикага ихтисослашган мактабларни очиш бўйича республикамизда катта лойиҳа бошланган. Туманда ҳам шундай мактаб фаолияти йўлга қўйиладими?

– Жомбойда мактаб эмас синф очилади. Туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга мурожаат билан чиқдик. 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида математикага ихтисослашган синф очиш таклифи берилди.

– “Тарбия” дарсини ўтувчи ўқитувчилар қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитилиши мумкинми?

– Бошланғич таълим, тарих, миллий ғоя ва маънавият асослари мутахассислари ушбу дарсни ўтиш ҳуқуқига эга. Кейинчалик педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида ҳам “Тарбия ўқитувчиси” деган мутахассислик очилади. Бундан ташқари, Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Тарбия дарси” мутахассислиги учун ўқитиш йўлга қўйилган. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, писохологлар ушбу курсларда таҳсил олиши мумкин.

– “Онлайн кундалик” тизими қайси мактабларга жорий этилади? Уларни танлаб олишда қандай мезонлар ҳисобга олинди?

– Ҳозирча, 5 та мактабни танлаб олдик. 6-, 18-, 23-, 35- ҳамда 40- мактабларда онлайн кундалик жорий этилди. Чунки ушбу муассасалар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган. Қайси мактаб мазкур талабга жавоб берса, онлайн кундалик тизимига ўтаверади.

– Бепул репетиторлик синфларига 10-11-синф ўқувчиларини саралаб олиш бошландими? 20- ва 40-мактаб шу тизимга ўтган эди. Бу йил яна қайси мактабларда очиш режалаштирилган?

– Вариатив таълим ҳақида ҳеч қандай мураккаблик йўқ. Анъанавий дарс жараёни бошлангандан сўнг, ўқувчилар танлаб олинаверади. Сўровномада ўқувчи ва ота­онанинг хоҳиш-иродаси акс этиши керак. Бу йил қўшимча равишда 7-, 18-, 28-, 46-, 51-мактабларда ҳам вариатив таълим бериш режалаштирилган. Мақсад, битирувчиларни олий таълим муассасаларига қамров даражасини оширишдан иборат.

– Ўқитувчилар ҳам абитуриентларга қўйилган талаблар даражасида қачон тест топширади? Туманда қандай тайёргарлик кўриляпти?

– Олий таълим муассасаларига кириш синовларини очиқ стадионларда ўтказиш белгиланган. Имтиҳонлар якунлангач, худди шу стадионларда педагог ходимлардан ҳам ўз мутахассислиги бўйича тест олиниши мумкин. Бу бўйича ўқитувчилар огоҳлантирилган. Тестга тайёргарлик жараёни масофадан туриб амалга ошириляпти.

– 7-синфдан “Дастурлаш асослари” фанини ўқитиш тартибига аниқлик киритсангиз. Айтайлик, туман мисолида.

– Аввал ўқитувчини ўқитиш керак, деган талаб қўйиляпти. 20-умумтаълим мактаби информатика фанига ихтисослашади. Ўқитувчилар шу ерда дастурлаш асосларидан таҳсил олади. Керак бўлса, профессор-ўқитувчиларни ҳам таклиф этамиз. Кейин ўша ўқитувчилар ўқувчини дастурлашга ўргатишади.

– Бу йил анъанавий август кенгаши ўтказиладими? Шўъба йиғилишларига тайёргарлик жараёни сезилмаяпти.

– Август кенгашлари доимгидек ўтказилади. Ахир таълим тизимига қанча янгилик жорий этилди. Ўқитувчи буларни билмасдан туриб, дарсга кириши мумкинми? Фақат бу йил тартиб ўзгарди. Анъанавий август кенгашларини шу йилнинг 17-18 август кунлари видеоконференция шаклида ўтказиш режалаштирилган.

– Қайси мактабларга янги жиҳоз, компьютер ва ўқув қуроллари берилади?

– 11-умумтаълим мактабига ўқув-мебел жиҳозлари келиши керак. 4-, 5- 13-, 16-, 19-, 28-, 34-, 36-, 37-, 40-, 41-, 45-, 48-, 49-, 50-, 52-, 53-, 54-, 55- мактабларни компьютер билан таъминлаш режалаштирилган.

– “Ўқитувчи” китобига қанча буюртма берилган? Сентябрда педагогдан конспект сўралмаслиги ростми?

– Ягона дарс ишланмаси тайёрланяпти. 2280 нафар ўқитувчи учун китобга буюртма бердик. Иккинчи саволга келсак, сентябрдан конспект сўралмайди. Ўқитувчи фақат синф журналини юритади.

– Мактаблар куз-қиш мавсумига қанчалик тайёр?

– Тўртта мактабнинг том қисми тўлиқ алмаштирилади. 11- ва 13- мактабдаги ишлар якунига етказилди. 27-, 29-умумтаълим мактабларида таъмиралаш ишлари давом этмоқда. Эскирган иситиш қозонларини алмаштиришни бошладик. 16 дона иситиш қозони келтирилган. Улар 16-, 26-, 34-, 39- ва 56-умумтаълим мактабига берилади. 45-умумтаълим мактабида синф хоналарининг пол қисми янгиланяпти.

– Жомбойда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослашган синфлар очиладими? Бу бўйича қандай таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқиляпти?

– Кўкгумбаз маҳалласидаги 35-умумтаълим мактабини тавсия қилдик. Аввал ушбу замонавий бино коллежга қарашли эди. Кейинчалик мактабга берилди. Синф хоналар замонавий таъмирланган. Ҳарбий-ватанпарварлик машғулотларини олиб бориш учун қулай.

– Туманда ҳам касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникум очилмоқда. 9-синф ўқувчиларининг неча нафари уларда ўқиш истагини билдирган?

– Ўтган ўқув йилида 9-синфни тамомлаган ёшларнинг 89 нафари вилоятдаги ўрта махсус таълим муассасаларига ҳужжат топширди. 459 нафари тумандаги 1- ва 2-сон касб-ҳунар мактабида ўқиш истагини билдирган.

Шерзод ИСОҚУЛОВ тайёрлади.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM