Жомбойда ҳарбий парад ўтказилди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан туманимизда ҳарбий ватанпарварлик фестивали ўтказилди.

“Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида ташкил этилган тадбирда  Марказий ҳарбий округ Самарқанд гарнизони хизматчилари, миллий гвардия, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамда тизимга алоқадор мутасадди ташкилот вакиллари қатнашди.

Дастлаб “JV MAN” автомобиль заводидан туман марказий стадионига қадар масофада ҳарбий парад бўлиб ўтди.

Қайд этиш жоизки, бундай тадбирлар ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, юрт тинчлиги ва осуда ҳаётимизга шукрона туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Буни парадда қатнашган иштирокчилар кўзларидаги ёлқиндан ҳам англаш қийин эмас. Айниқса, давлатимиз мадҳияси садолари остида намойиш этилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар чиқишлари томошабинларга ўзгача кайфият улашди.

Тадбирда туман ҳокими Қаюм Собиров қатнашди ва сўзга чиқди.

– Ватан ҳимояси деганда Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади, – деди ҳоким. – Улардан ўтиб келаётган ворисий туйғулар Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган мард ва жасур ўғлонлар қонида оқаётганига ишончимиз комил.

Шунингдек, туман ҳокими Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз даҳлсизлигини сақлаш йўлида ҳалок бўлган Жомбой фарзандлари – Муроджон Тожиев, Норбек Қодиров, Келдиёр Холматов ҳамда Шуҳрат Жумановнинг пок хотирасини ёдга олди.

– Улар босиб ўтган умр йўли, кўрсатган жасоратлари фарзандларимиз учун ибратдир, – деди Қ.Собиров.

Шундан сўнг Самарқанд гарнизони қошидаги маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестр жамоасининг чиқишлари намойиш этилди. Туман маданият бўлими хонандалари томонидан тайёрланган бадиий қисм кўнгилларни хушнуд этди.

Фестивал давомида самарали фаолияти учун бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, офицер ва сержантлар туман ҳокимлигининг ташаккурномаси, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***

Мутасаддилар хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган фидойи хизматчилар хонадонида бўлиб, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олишди. Қаҳрамон ҳарбийларнинг фарзандларига байрам совғалари топширилди.  

2015-2024 © GOVERNMENT OF JOMBOY DISTRICT. Maked by: SAKTRM