Бўлажак миллионерлар, сизни кутяпмиз

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бизда сотувчилик маданиятида ҳам анча муаммолар бор. Харидорларга бирдек хушмуомалада эмасмиз. Табиийки, бу "синдром"ни ҳам албатта, ўзгартириш мумкин. Kейинги пайтларда бунинг аломатларини кўряпмиз.

Дўкон айланишни яхши кўраман ва албатта, у ердаги муомала, хизмат маданиятига жиддий эътибор қиламан. Савдо-сотиғим ҳам шунга яраша бўлади. Агар чиройли муомала ва самимийлик кўрмасам – уларга зарар. Бундай вазиятлар гоҳ-гоҳида бўлиб туради. Аммо сизга айтмоқчи бўлганим, икки воқеа мени анчa хурсанд қилди. 

Биринчи воқеа: уй учун тозалик ва хушбўйлантирувчи воситалар олиш учун дўконга кирдим. Дўкон ҳақиқатан ҳам жуда чиройли ва дид билан қилинган. Барча харидорларни кулиб қарши олиб, кулиб кузатишмоқда. Излаган нарсамни тополмаганимни кўрган ёшгина йигит ёнимга келиб, "Сизга ёрдам бера оламанми?" деди. У мени керакли бўлимга олиб бориб, нарсларни кўрсатди ва нархларини айтди. Бироз қимматроғини танладим (қизиғи, ҳамма қиммат нарсалар яхши эмаслигини билсам-да, онгости тушунча барибир устун). Йигитча улар ҳам мен танлаган қимматидан уйларига ишлатишганини, аммо яхши чиқмаганини айтди (!). Таклиф қилаётгани эса ҳам арзон, ҳам сифатли эканига ишонтирди. Унинг кўзларига қарадим. У чиндан ҳам рост гапираётган, муомаласи ҳам жуда чиройли, энг асосийси, ишига эътиборли эди. Харидимни кассагача олиб келиб, ҳисобимни чиқариб берди. 

Йигитчанинг отаси шу ерда экан. Унга шундай фарзанд тарбия қилаётгани учун раҳмат айтдим. "Ўғлингиз насиб этса, ўзбекнинг энг ҳалол миллионерларидан бири бўлади" – дедим. Чунки, йигитчанинг кўзида, хатти-ҳаракатида, ҳалоллигида шуларни кўрдим. Худо адаштирган бўлмасин! 

Уйга келганимдан кейин, яна ҳам хурсанд бўлдим. У ёлғон гапирмаган экан. 

Иккинчи воқеа: кун жуда ҳам иссиқ, музқаймоқ олиш учун дўконга кирдим. Бу дўконда ҳам ёш йигитча савдо қиляпти. Ўзим истаган музқаймоқдан сўрадим. 

– Амаки, сиз айтган музқаймоқдан бор.

– Қани, берчи. 

Менга музқаймоқ олиб берди.

– Сохтаси экан, қара, қоғозининг ранги бошқа, – дедим.

– Амаки, бемалол олаверинг. Бу худди ўша музқаймоқ, лекин қоғози сал бошқача чиқ¬япти.

– Хўп, ҳозир очиб кўраман. Агар ўша музқаймоқ бўлмаса, мендан пул ололмайсан, камига битта музқаймоққа куясан.

– Бемалол, амаки. Агар сиз айтгандек чиқмаса, ўзим еб қўя қоламан.

Бу гапни эшитиб, ўзимни кулгидан тута олмадим. Унинг самимийлиги, моли учун бунчалик кафолат бераётгани, тўғрисўзлиги кайфиятимни кўтариб юборди. Музқаймоқни очиб қарадим. Худди ўзим истаган. Болага тўғрисўзлиги ва кайфиятимни кўтаргани учун пулни ортиғи билан бердим. Аммо у дарҳол ортиқча пулни қайтариб берди.

– Олавер, розиман.

– Йўқ, онам урушади. Менга бировдан ортиқча пул олма, деган. 

– Онангга билдирмасдан чўнтагингга солиб қўясан.

– Йўқ, онам шундоғам бу ерда ишлаганим учун ҳар куни пул беради. Ўшани йиғсам, пулим кўп бўлади. 

Кўз ўнгимда яна бир ўзбекнинг ҳалол, бўлажак миллионери гавдаланди. Баракалла! Сен албатта бой-бадавлат бўласан. Фақат шу ҳалоллигингдан ҳеч қачон тойма!

Биласизми, нега ривожланган мамлакатларда бойларга ҳавас, бизда эса ҳасад қилишади? Иккала томонни ҳам кузатиб, шундай хулосага келдим. Бизда бойларнинг ҳалол пул топаётганига ишонмайди. Бизда бойлар таълимга, тарбияга, давлатга, миллатга, йўлга, сувга, қўйингки, ВАТАНГА пул ажратишмайди. Аксинча, Ватандан "юлишади". 

Рости, фолончи бой таълим учун пул берибди, тадқиқотлар учун пул ажратибди, деган хабарни эшитдингизми? Масалан, мен ҳали эшитмадим. 

Дунё бойлари нима учун кўп умр кўришади-ю бизда эса аксинча. Сабабини ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак. Чунки, бизни бойлар ҳеч қачон бемалол ва хотиржам бўла олмайди. Дунё бойлари эса кўпинча хотиржамлик исташади ва шунга кўра, доим ўз маблағларидан давлат учун қанча солиқ тўлашини билдириб туришади. Ҳатто уларда ким кўп солиқ тўлаб, юқори ўнликка кириши ҳақида беллашувлар ҳам бор. Бизда-чи? Ҳеч эшитдингизми, фолончи бой бир йилда топган даромадидан давлатга шунча солиқ тўлабди, деб? Солиқники қўйинг, ҳатто электр, газ, ичимлик суви пулини ҳам тўламайдиган бойларимиз ҳақида эшитиб турибмиз. 

Хуллас, биз келажак учун ҳалол ва хотиржам миллионерларни тарбиялашимиз жуда муҳим. Ҳалол ва хотиржам бойлар давлатнинг таянчи. Уларга келажак ҳавас билан қарасин, улардек бўлишга интилсин!

2015-2023 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM