Жомбойда йирик анжирзор борлигини биласизми?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Янги узилган анжир меваси узоғи билан икки кун сифатини йўқотмайди. Аслида бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Туршак қилиб яна бозорга чиқариш мумкин. Ҳамма гап боғбоннинг маҳоратида.

Боғдорчиликнинг бу тармоғи кишидан сабр, куч ва машаққат талаб қилиши рост. Кузда тупроқ билан кўмиш, баҳорда устини очиб, яна текислаш, Жомбойнинг мўътадил иқлимига чап бериб, ҳосил олиш осон эмас. Ҳар ҳолда Қанғли маҳалласида яшовчи Исомиддин Воҳидов бу ишнинг уддасидан чиққан. Қаровсиз ерда анжирзор яратиб, сифатли маҳсулот олишга эришган.

Бир вақтлар боғни бузиб, ўрнига мош экмоқчи бўлишди. Салкам етти йиллик меҳнат завол топиш арафасида эди. Лекин соҳани яхши билган раҳбарлар жим қараб турмади. Боғнинг бир қисми сақлаб қолинди.

– Боғни бузамиз, деган гаплар етти йил тинчлик бермади, – дейди И.Воҳидов. – Меҳнати сингмаган киши учун айтиш осон. Умримнинг ярми шу ерга сарф бўлди. Ҳосилга кириб, энди роҳатини кўриш фурсати келганда боғбонни тушуниш керак. Мана, Жомбойнинг анжирини одамлар қўшни вилоятлардан излаб келяпти. Мақтаниш эмас, соҳада озми кўп тажриба тўпладик. Ҳамон изланиб, янгилик яратсак, деймиз.

Анжирзорни кўздан кечирдик. Боғбон айтганидек, ҳадемай биринчи ҳосил териб олинади. 500 туп анжир ўтган йили 10 тонна ҳосил берибди.

– Ўтган йили қўшни тумандан излаб келишди, – дейди боғбон. – Бир аёлнинг фарзанди бетоб экан. Дўхтирлар аниқ ташхис қўйишмабди. Табибларнинг тавсияси билан шу ерни топиб келган. Пишиб, эзилган анжирни дарахтдан узиб бердик. Шохидан синдириб олди. Орадан анча вақт ўтиб яна келди. Фарзанди соғайиб, оёққа турибди.

Ибн Сино “Тиб қонунлари” китобида ҳам ёзиб қолдирган. Анжир шамоллаш, йўтал, саратон, жигар, ўпка яллиғланиши каби кўплаб хасталикларга шифо бўлади. Замонавий тиббиётда дамлама сифатида истеъмол қилиш тавсия этилади. “Жаннат меваси”, деб таъриф берилган ўсимликнинг биз билмаган яна қанча хислати бор? Буниси яратганга аён.

Дарахт устидаги тупроқ қатлами эрта баҳорда эҳтиёткорлик билан олинади. Новдасига шикаст етса, ҳосил бермаслиги мумкин. Кейин таги юмшатилиб, маҳаллий ўғит сепилади. Ўргимчаккана, ширинча ва бошқа касалликларга қарши кимёвий ишлов берилади. Тез-тез суғориб турилади. Қанча кўп сув ичса, меваси ширали ва тўйимли бўлади.

Фақат мевасини сақлаб туриш имконсиз, дедик. Аммо ундан мураббо тайёрланса, даромад икки ҳисса бўлиши аниқ. Дунё миқёсида ҳам етиштирилган ҳосилнинг 70-80 фоизи қайта ишланади.

Буни бежизга айтмаяпмиз. И.Воҳидов анжир мураббосини тайёрлаш бўйича махсус рецепт яратибди. Ўтган йилги ҳосилдан тайёрланган мураббони татиб кўрдик. Чиндан ҳам гапида жон борга ўхшайди. Мазаси ўзгача. Қайта ишланса ҳам шакли ва сифати йўқолмаган. Хушбўй ифори, таъми билан ажралиб турибди. Хуллас, янги маҳсулотни лаборатор шароитда ўрганиб, жамоатчиликка етказиш зарур.

Жомбойнинг бошқа ҳудудида катта анжирзорлар учрамайди. Исомиддин ака дастлаб, беш гектар ерни обод қилиб, анжирзор яратган. Аммо кейинги йилларда хўжаликнинг мақбуллаштирилиши билан қисқарган.

Шунча натижага эришган боғбоннинг меҳнати қадрланиб, таклифи инобатга олинса, бундан фақат эл манфаат кўради. Янги иш ўринлари яратилиб, қишлоқ хўжалигининг бу тармоғи ривожланади. Масаланинг шу томонларини ҳам чуқурроқ ўйлаб кўриш керак.

Аҳрор ШАМСИЕВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM