Картошка куясидан қандай қутулиш мумкин?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ғалла ҳосили йиғиб олиниши билан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишлари бошлаб юборилди. Туманимизда асосан, картошка экилгани сир эмас. Шу жиҳатларни инобатга олиб, ўсимликнинг айрим хусусиятларига тўхталиб ўтишни жоиз топдик.
Ҳар қандай экиндан юқори ҳосил олиш учун аввало, зараркунанда ҳашарот ва касалликларга қарши самарали курашиш талаб этилади. Картошканинг асосий кушандаси эса куядир. У помидор, бақлажон, итузум, тамаки ва бошқа шу туркум ўсимликларни ҳам зарарлайди. Ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалиб, айниқса, картошкачиликка жиддий хавф туғдирмоқда.
Картошка куяси 22-26 даража ҳарорат ва 70-80 фоиз нисбий намликда яхши ривожланади. Етук қурт ёки ғумбак ҳолида қишлайди. Капалаги ўсимлик барги, туганак ёки тупроқ билан кўмилган пояга тухум қўяди.
Ёриб чиққан қурт ўсимлик ичига кириб олиб озиқланади. Бир тупда 15 тагача личинка бўлиши мумкин. Айниқса, такрорий картошка навларининг зарарланиш эҳтимоли юқори.
Аммо бир характерли жиҳати, қурт бирданига баргни кемирмайди. Аввалига ўргимчак тўрига ўхшаш уя тўқиб, улар воситасида поялараро йўлак ҳосил қилади. Агар пушталарда шундай ипларга дуч келсангиз, тезкор чора кўришингиз зарур. 
Картошка куясига қарши курашни омборхонадан бошланг. Уруғлик сақланадиган хона ҳарорати 3-5 даражадан ошмасин. Чунки ҳашарот айнан омборлардан тарқалади. Паст ҳароратда эса куя ғумбаги ривожланишдан тўхтайди ва нобуд бўлади. 
Шунингдек, уруғ танлашда тупроқ ва иқлим хусусиятларини ҳисобга олиш шарт. Касалланишга чидамли, дурагай навларни экиш ҳам мумкин. Бундан ташқари, алмашлаб экишни тўғри ташкил этиш, кузги шудгорни ўз вақтида, сифатли ўтказиш, мавсум охирида ўсимлик қолдиқларини кўмиш муҳим қоидалардандир.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз олимлари тармоқнинг ушбу муаммоси устида қатор изланишлар ўтказишди. Олайлик, махсус феромон тутқичлардан фойдаланиш услуби яхши натижа бермоқда. Кимёвий воситалар билан 15-20 кун оралатиб, 3-4 марта ишлов бериш самарали ҳисобланади.
“Селест топ” (0,05 фоизли), “Децис” (0,1 фоизли) ва “Циперметрин” (0,03 фоизли) препаратларидан фойдаланишингизни тавсия этамиз.

Баҳром ЎРОЛОВ,
вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг туман инспектори.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM