Коронавирус инфекциясига доир вазият юзасидан туман ҳокими жомбойликларга мурожаат қилди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Азиз жомбойликлар!

Бутун дунёни ташвишга солаётган синов – коронавирус пандемиясидан барчамиз хабардормиз.

Афсуски, сўнгги кунларда юртимизда хасталикка чалиниш суръати сезиларли ошиб бораётганлиги сабабли республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, карантин чоралари яна кучайтирилди. Ҳозир уйдан мақсадсиз чиқмаслик, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, тиббий ниқоб, шахсий ҳимоя воситаларидан мунтазам фойдаланиш, ёши улуғ, нуронийларнинг ўз-ўзини иҳоталаш тартибига ўтиши энг тўғри йўлдир.

Кўпчиликда бир савол туғилаётгани табиий. Жомбойда ҳақиқий ҳолат қандай?

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, айни вақтда туманимиз “яшил” – хавфсиз ҳудудлар сирасига киради. Инфекцияга чалинганлар сони 13 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг аксарияти даволаниб, соғлом ҳаётга қайтган. Шундай бўлса-да, 61 нафар фуқаро уй карантинида бўлиб турибди.

Шундай мураккаб вазиятда ҳам карантин қоидаларига риоя этмай, ҳуқуқбузарлик содир этаётган шахслар афсуски, орамизда учрамоқда. Маълумот учун, бугунги кун ҳолатига 2459 нафар жомбойлик фуқаро карантин қоидаларини бузганлиги аниқланган ва тегишли чоралар кўрилган.

Мавжуд вазиятни инобатга олиб, 1 августга қадар кўчайтирилган чекловлар жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Айни пайтда Тошкент кўчаси (“JV MAN” автозаводи яқинидаги ҳалқа йўлидан), Галакапа кўчаси (56-умумтаълим мактаби олдидан) ҳамда Шукур Бурҳонов кўчаси (Темир йўл кесишмасидан) бўйлаб автомобилда ҳаракатланиш чекланган. Ҳудудларга белгиланган тартибдаги блок постлар қўйилди. Уларнинг фаолияти туманда эпидемик вазият барқарорлашгунга қадар амалда бўлади.

Касаллик аломатларсиз, енгил шаклда кечаётган беморлар уй шароитида даволаниши белгиланган бўлиб, улар малакали тиббий хизмат ва маслаҳат олиши учун зарур шароитлар яратилган. Карантинга олинган шасхлар яшаш манзили бўйича назорат қилиняпти.

Ҳудудларда савдо нуқталари ташкил этиш чораси кўрилди. Барқарор нархда гўшт, сут, ун, гуруч, ўсимлик ёғи, товуқ гўшти, тухум ва балиқ маҳсулотлари каби зарур озиқ-овқат моллари етказиб берилади.

Шу ўринда, туманимиз ҳудудида фаолият юритаётган корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда тадбиркорлардан ўз ходимлари, мижозлари хавфсизлигини таъминлаш, биноларнинг кириш қисмида дезинфекция йўлакчалари ва бошқа зарур гигиена воситалари бўлиши, уларнин узлуксиз ишлашини йўлга қўйишларини сўраймиз.

Эл бошига тушган муаммони бирлашиб ҳал этган халқмиз. Насиб этса, бу синовдан ҳам ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Бунинг учун бир-биримизни тушуниб, қоидаларга амал қилиб, ўзимиз ва яқинларимиз ҳаёти, саломатлигини асрашимиз лозим.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ тилайман.

Қаюм СОБИРОВ,

Жомбой тумани ҳокими.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM