Ҳолвойида яшовчи оила 500 дан ортиқ зотдор товуқ жўжалари парваришлаяпти

Вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ўроқов “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давомида амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида Жомбой туманига келди.

Қайд этиш жоизки, Ғазира маҳалласида истиқомат қилувчи А.Юсупов ҳамда М.Тўраев эҳтиёжманд оила сифатида камбағалликдан чиқариш рўйхатига киритилган. Шунингдек, Ҳолвойи маҳалласида яшовчи Г.Ўроқова боқувчисини йўқотган оилалар қаторида туради.

Мулоқот давомида ушбу фуқароларга мутасадди ташкилотлардан кўрсатилаётган ёрдам ҳолати, уларнинг келгуси режалари ўрганилди.

Аниқланишича, Г.Ўроқова оиласини камбағалчиликдан чиқариш учун туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан субсидия ажратилган, ушбу маблағ ҳисобидан иссиқхона ташкил этилган. Бундан ташқари хонадонда 360 бош бройлер ва 100 бош тухум-гўшт йўналишидаги товуқ жўжалари парваришланмоқда.

Кун давомида Ҳолвойи маҳалласи марказида хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган маиший хизмат кўрсатиш маркази ҳамда 15 нафар коллеж битирувчиларини касб-хунарга ўргатиш бўйича “Устоз-шогирд” йўналишидаги ўқув курси фаолияти билан танишилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4742-сонли қарори ижроси, ўз-ўзини банд қилиш бўйича белгиланган 67 та йўналиш, “Саховот ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича амалга оширилаётган ишлар, камбағаллик рўйхатига киритилган оилалар билан мунтазам шуғулланиш борасида маъсулларга топшириқлар берилди.

Гавҳархон Муқаддасова.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM