Туман кенгашида янги лавозим жорий этилди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг навбатдаги олтинчи сессияси ўтказилди. Тадбирни 8-Сарой округидан сайланган депутат Ўктам Нажмитдинов олиб борди.

Кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемиясига оид фармон ва қарорлари ижроси, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қуватлаш ҳамда имтиёзли кредитлар ажратишда кўрилаётган чоралар самарадорлигига оид масала киритилган бўлиб, мавзу юзасидан туман ҳокими ўринбосари М.Исмоиловнинг ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Туман прокурори, 2-сектор раҳбари Алишер Турумов аҳолини дори-дармон, тиббий восита, зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.

Туман миқёсида 2170 оиланинг камбағалликда кун кечираётгани аниқланган бўлиб, бугунги кунга қадар уларга 958 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Ушбу хонадонларда истиқомат қилаётган фуқаролар бандлигини таъминлаш биринчи навбатдаги масала ҳисобланади. Айни пайтда бу борадаги ишлар жадал давом эттирилмоқда. Ҳусусан, апрель-май ойлари давомида оғир ижтимоий шароитларда яшаётган 2662 нафар ишсиз фуқароларни жамоатчилик ишларига жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва ҳунармандчилик тармоқларига жалб этиш орқари уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Янги иш ўринлари яратиш борасида 42 та, қиймати 557 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари ишга туширилмоқда.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Халқ депутатлари туман кенгашининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи раис ўринбосари лавозими жорий этилиб, ушбу вазифага 13-Наймантепа округидан сайланган Жамшид Жуманов тасдиқланди.

Шунингдек, “Адолатли депутат”, “Халқпарвар депутат”, “Меҳнаткаш депутат” ҳамда “Фахрий депутат” мақомларини таъсис этиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Кенгаш депутатларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларнинг фаоллигини ошишида муҳим омил экани қайд этилди.

Сессияда туман ҳокими Қ.Собиров сўзга чиқиб, кенгаш фаолиятини янада жонлантириш, бу борада амалга ошириш зарур бўлган асосий вазифаларга тўхталди. Депутат мақоми, обрў-эътиборини юксалтириш борасида фикр билдирди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM