767 нафар жомбойлик фуқаро тиббий текширувдан ўтган

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят махсус комиссияси қарорига кўра, Жомбой тумани 1 май кунидан хавф даражаси ўртача бўлган “Сариқ” ҳудудлар сирасига киритилган. Бугунги кунда эпидемик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2020 йилнинг 1 март кунидан 23 май кунига қадар 767 нафар фуқаро текширувдан ўтказилди. Кузатувга олинган ушбу шахсларнинг 764 нафарида хасталик аломатлари аниқланмагани учун  тиббиёт хулосасига асосан карантиндан чиқарилди. Уч нафари туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимида изоляцияга ётқизилган. Таҳлил натижалари кутилмоқда. Уй қўриқловига олинганлар мавжуд эмас.

Қайд этиш жоизки, туман ҳудудида жойлашган барча кўнгилочар объектлар, ошхоналар, кафе-барлар, тўйхоналар фаолияти ва барча оммавий тадбирлар тўхтатилган. Дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун 8 та дезинфекция бригадаси ташкил этилди. Аҳоли орасида 945 та суҳбат, 168 та маъруза тадбирлари ўтказилди. 2500 та эслатма тарқатилди.

Афсуски, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай айрим фуқароларнинг хавфсизлик талабларига беписанд муносабатда бўлаётгани кузатилмоқда. Айниқса, тижорат банклари атрофида мижозларнинг тўпланиши ижтимоий масофани сақлаш, кекса ёшлиларнинг уйда қолишини тақазо этувчи талабларга зид келяпти. Ушбу ҳолат “Ўзбекистон-24” телеканали орқали 22 май куни эфирга узатилган “Янгиликлар” кўрсатувида ҳам танқид қилинди.

Эпидемик вазиятни тартибга олиш, хавфсизлик талабларини кучайтириш бўйича туман ички ишлар бўлими томонидан аниқ режа ишлаб чиқилди. Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида айрим нохуш ҳолатлар ҳам учрамоқдаки, кишини ташвишга солади. Хусусан, “Агробанк”нинг Жомбой филиали бош ҳисобчиси З.К. иш вақтида тиббиёт ниқобисиз фаолият юритаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Афсуски, бундай ҳолатлар фуқаролар орасида ҳам тез-тез кузатилмоқда. Шундай ҳуқуқбузарлик З.А., А.И., У.У., М.П., С.Ж. каби шахслар томонидан ҳам содир этилган. Умумий ҳисобда бугунги кунга қадар 588 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга тақдим этилган.

Юртимизда карантин чоралари жорий этилганига икки ойдан ошди. Хасталикка чалинган юртдошларимиз сони 3 минг нафардан ошди. Улардан 14 нафари таассуфки, хасталик қурбонига айланди. Бу рақамлар хулоса қилишимиз ва жорий этилган тартибларга қатъий риоя этишимиз учун етарли эмасми?

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM