“Аҳолига балиқ эмас, қармоқ бериб даромадини ошириш керак!”

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Жомбой туманида аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир маҳалла кесимида эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, улар орасидан меҳнатга лаёқатлиларининг бандлигини таъминлаш масаласи кўрилмоқда. Маҳаллаларда аҳолини томорқачилик, тадбиркорлик билан банд қилиш мақсадида, банклар ва таъминотчи корхоналар жалб этилган ҳолда кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбир туманнинг Шерқўрғон маҳалласида ташкил этилди.

- Тумандаги 2-сектор ҳудудида 650 дан ортиқ эҳтиёжманд оила мавжудлиги аниқланди, - дейди туман прокурори Алишер Туримов. – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аҳолига балиқ эмас, қармоқ бериб даромадларини ошириш масаласига эътибор қаратган ҳолда ушбу амалий семинарни ташкил этдик. Таъминотчи корхоналар ва банк ходимлари томонидан аҳолига паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, шунингдек, томорқа хизмати бўйича таклиф ва  тавсиялар берилмоқда.

- 15 йилдан бери Тошкентдаги паррандачилик фабрикаларида ишлаб келаман, - дейди шерқўрғонлик Аъзам Қаюмов. – Кўп йиллик тажрибамга таяниб, бир ойдан бери бир кунлик жўжаларни олиб келиб, ҳовлимда боқа бошладим. Битта жўжа 45 кунда  3-4 килограмгача гўшт қилади. Бугунги кунда таъминотчи сифатида тадбиркорликни бошлаб, маҳалладошларимгаям жўжа етказиб бериш ва уларни парваришлашни ўргатяпман.

  Хўш, кўргазмали семинар ташкил этилди. Бундан кўзланган натижага эришиляптими?

- Семинарда таъминотчи ташкилотлар томонидан уй шароитида амалга ошириш мумкин бўлган 20 га яқин йўналиш бўйича аҳолига таклифлар берилди, - дейди Халқ банки туман филиали бошқарувчиси Илҳом Шукуров. – Турли йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган 10 нафардан зиёд фуқаро билан банк ва таъминотчи корхона ўртасида уч томонлама шартнома имзоланди.

Амалий семинар давомида туман ҳокими ва туман прокурори аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди. Томорқандан самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар билдирилди. Бу каби тадбирлар туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам ташкил этилмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.

zarnews.uz