Назорат-касса тизими янги тартибга ўтади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Вазирлар Маҳкамаси «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди.

Ҳужжат «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини янада ошириш, нақд пул маблағларининг хуфиёна айланишини қисқартириш орқали бюджет даромадларига қўшимча манбаларни жалб этишга хизмат қилувчи янги, замонавий автоматлаштирилган тизим яратиш кўзда тутилмоқда.

Онлайн назорат-касса машиналари (НКМ) ҳамда виртуал кассани қўллаш тизими савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳадаги пул айланмаси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга ёрдам беради.

Қандай афзалликлари мавжуд?

– 2021 йил 1 январгача тадбркорлик субъектлари ҳар бир онлайн назорат-касса машиналарини харид қилиш, ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар суммаларини (базавий ҳисоблаш 10 бараваридан ошмаган миқдорда) кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи берилади.

– тадбиркорлик субъектларига виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади.

– онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланганда тадбиркорлик субъектларидан фискал хотирали назорат касса машиналарини ишлатиш мажбурияти бекор қилинади.

– кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар, нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш бекор қилинади.

– иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни (Z-отчёт) чиқариб олиш шарт бўлмайди.

– реализация қилинган товарлар (хизматлар) ҳисоб-китоблари тўғрисидаги маълумотлар, электрон тарзда кўриш имконияти яратилади.

Қандай олинади?

Тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фақат давлат реестрига киритилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассадан фойдаланишга рухсат берилади.

Тадбиркорлик субъектлари давлат реестрига киритилган исталган турдаги онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал кассаларни мустақил сотиб олиш ҳамда исталган техник хизмат кўрсатиш марказлари орқали рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал кассаларни рўйхатга олиш учун ариза,  турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шахобчаси мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхаси, техник хизмат кўрсатиш маркази билан тузилган шартнома нусхаси, шахобча манзилининг харитадаги координатаси маълумотлари тақдим этилиши лозим.

Ҳар доим онлайн

Тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассалар орқали аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнида, уларга чекларнинг берилишини, шунингдек онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассаларни доимий ишлаши учун интернет тармоғи билан таъминлаши зарур. Интернет тармоғида узилиш кузатилса ҳам 24 соат мобайнида офлайн режимида ишлайди.

Тадбиркорлик субъектларини фискал модул билан таъминлаш ва оператор томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун йилда бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари ҳисобида давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот марказига тўлов амалга оширилади.

Янги тизим қачондан амалиётга киритилади, деган савол туғилиши табиий.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, бензин, дизель ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 январдан, ўтган йил якунлари бўйича йиллик тушуми беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 августдан, ўтган йил якунлари бўйича йиллик тушуми юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари 2021 йил 1 январдан янги турдаги касса аппаратларидан фойдаланишни бошлашади.

Қолган барча тадбиркорлик субъектлари 2022 йил 1 январдан онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал касса билан таъминланади.

Шероз АЗАМАТОВ,

туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи.

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM