Ким кимни тушунмаяпти ёхуд журналист Эски Жомбой масаласида қанчалик ҳақ?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бугун Mahalladosh.uz сайтида “Маҳалла можаросига ким ечим топади?” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда Жомбой туманидаги Эски Жомбой МФЙ ходимлари ўртасида зиддият юзага келгани ҳамда “Обод қишлоқ” дастури ижроси бўйича камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳақида сўз юритилган.

Аввало, ходимлар зиддиятига тўхталсак.

Бахтигул Абдураҳмонова ҳақиқатан ҳам ушбу маҳаллада котиба вазифасида ишлайди. Унинг хизмат ваколатини суиистеъмол қилаётганидан фуқаролар шикоят қилгани рост. Аммо туман молия бўлими ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ҳолат ўрганилган, унинг ҳатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари топилмаган. Жисмоний шахснинг мурожаати юзасидан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик факти бўйича жарима жазоси қўлланилган.

Мақолада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш туман кенгаши раиси И.Асроров тилидан Б.Абдураҳмонова ишдан бўшатилгани айтилади. Котиба эса ишдан бўшамагани, аксинча меҳнат таътилида экани, тез орада ишга қайтишини таъкидлайди. Журналист ушбу тушунмовчилик борасида “...кимнинг гапига ишонишни ҳам билмай қолдик”, дея хулоса қилган.

Аслида ҳам Б.Абдураҳмонова ишдан бўшатилмаган экан. Хўш, унда нега кенгаш раиси бундай деди?

­– Котиба ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб келди, – дейди И.Асроров. ­– Тегишли тартибда устхат (резолюция) қўйдим. Мухбирга бундай маълумот берганимнинг сабаби шу. Аммо орадан икки кун ўтиб Б.Абдураҳмонова ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини қайтариб олди. Меҳнат кодексининг 99-моддаси, 3-қисмига мувофиқ, ходим берган аризани 14 кун муддат ичида қайтариб олишга ҳақли.

Журналист суриштируви давомида “Обод қишлоқ” дастурининг бажарилиши ҳам таҳлил қилинган. Аммо айрим рақамларда янглишилган кўринади. Масалан, “...118 та симёғочдан бор-йўғи, 38 таси алмаштирилди. 3 та трансформатордан эса ҳозиргача биттаси қўйилган, холос”, дейилади. Ваҳоланки, дастурда 37 та темир-бетон устун ўрнатиш, 2 та трансформаторни мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.

­– Бугунги кунгача 48 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 4 та трансформатор мукаммал таъмирланди, – дейди туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Ш.Ҳотамов. – Яъни, режа ортиғи билан бажарилган. Бундан ташқари, яна 15 та темир-бетон устунга эҳтиёж борлиги инобатга олиниб, юқори ташкилотларга таклиф тайёрланмоқда.

Ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш масаласида ҳам худди шундай фикрни билдириш мумкин. Мақолада “Йиғин фаоллари тадбиркор Мамаюсуф Шодмоновнинг савдо маркази ва хизмат кўрсатиш мажмуасининг бир четидаги хоналарда фаолият кўрсатмоқда”, дейилади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, тадбиркор ушбу мажмуани аввалдан маҳалла маркази учун бунёд этган. Бинонинг 4 та хонаси МФЙ учун беғараз ажратилган. Гўзаллик салони, маиший ва хўжалик моллари дўкони ҳамда этикдўзлик устахонаси замонавий қиёфага келтирилган. Маҳалла маркази сифатида аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Қайд этиш жоизки, маҳалла раиси Б.Азизов тадбиркор М.Шодмонов билан бир бинода ишлашни истамай, ўз ташаббусига кўра, марказнинг орқа томонидан маҳалла учун бошқа бино қуришга киришди.

28-умумтаълим мактабини реконструкция қилиш учун “Обод қишлоқ” дастури асосида 1 миллиард 400 миллион сўм ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобидан бинонинг том қисми янгиланган. Эшик ва ромлар замонавийсига алмаштирилган. Мавжуд 12 та синф хонасида пардозлаш ишлари олиб борилиб, пол қисми бўёқдан чиқарилган. Мактаб учун хожатхона ва асфальт қопламали йўл бунёд этилган. 

Шунингдек, пиёдалар йўлагининг сифатсиз қурилгани ҳақиқатга тўғри келмайди. Мақолани ўрганиш мобайнида йўл ва йўлаклар кўздан кечирилди. Тунги ёриткич, тош ва асфальт йўллар режага кўра, қониқарли бажарилгани аниқланди. Симёғоч хусусида юқорида тўхталдик. Бу борадаги ишлар тўхтаб қолгани йўқ.

Тумандаги айрим кўчаларга ном бериш ва қишлоқ хонадонларини рақамлашда муаммо юзага келаётгани рост. Бу нафақат бир маҳалла, туман балки республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани сир эмас. Келгусида ушбу масала ҳам ижобий ечим топади.

Жомбой туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM