Таълим соҳасининг обрўси ошди. Сифатичи?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бугун таълим соҳасига қаратилаётган эътибор умуммиллий тус олди. Ушбу жараён аллақачон амалга оширилиши зарур бўлгани ҳолда узоқ вақт кечиктирилгани ҳам ҳақиқат. Зеро, жамият устоз шаънини улуғлаш орқали ўз келажагига пойдевор қўяди. 

Аммо бир масала ҳам борки, четлаб ўтиш мумкин эмас. Хўш, таълим муассасаларидаги ҳақиқий ҳолат қандай? Ўқитувчиларнинг қониқарли фаолият юритишига шароит яратилганми? Улар ўз устида ишлаяптими? Дарслар сифатлими?

Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида туманимиздаги умумтаълим мактабларида бўлдик. Афсуски, ҳақиқий ҳолат кутилганидек эмас.

26-умумтаълим мактабида ўқувчилар давомати таъминланмаган. Деярли ҳар бир синфда 2-3 тадан ўқувчи машғулотларда қатнашмаётгани кишини ташвишга солади. Юқори синф ўқувчилари учун дарсликлар етишмайди.

45-умумтаълим мактабидаги вазият эса унданда оғир. 11-синфнинг ўзида 25 фоиз ўқувчи дарсга сабабсиз келмаган. Ўқитувчиларнинг синф журналисиз машғулот ўтказаётгани, назорат дафтарларининг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани мактаб директорининг ўз вазифасига қанчалик “масъулият” билан ёндашаётганини кўрсатиб турибди.

Мактаб нафақат таълим, балки тарбия маскани ҳам ҳисобланади. Чунки миллий ғурур, ватанпарварлик тушунчалари илк бор шу даргоҳда шаклланади. Бу ҳақиқатни 27-умумтаълим мактаби масъуллари унутиб қўйган кўринади. Акс ҳолда маънавият хонасидаги давлат байроғи номуносиб ҳолда сақланмаган бўларди. Жавобгарликка сабаб бўлиши тайин бўлган бу ҳолатга на директор, на бошқалар изоҳ бера олди. 

Мактаб ошхоналарида болалар ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулотлар сотилаётгани алоҳида мавзу. Олайлик, 30- ҳамда 55-умумтаълим мактабларида энергетик ичимлик ва консероген модда сақловчи егуликлар савдога қўйилгани кузатилди.

Яқинда она тилимизга давлат тили мақоми берилган кун миллий байрам сифатида нишонланди. 36-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчилари эса иккинчи чорак бошланганига қарамай она тили дарслиги билан таъминланмаган. 

41-умумтаълим мактабида ўзига хос “анъана” шаклланган кўринади. 3-синф ўқувчиларига мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари дарс ўтмоқда. Сабаби синф раҳбари С.Суюнова тўйга кетибди. 2- ва 4-синфларда ҳам ўхшаш манзара. Технология фани ўқитувчиси Г.Қодирова раҳбариятдан рухсат сўраб кетгани учун ўқувчилар бўш қолдирилган. 

Ишчи гуруҳ томонидан 21-умумтаълим мактаби фаолияти ҳам ўрганилди. Ўқувчилар дарс вақтида мактаб ховлисини супуриб юргани, ақалли бирорта синф хонасида машғулот ўтилмаётгани муассасада болаларга нақадар сифатли таълим берилаётганидан дарак бериб турибди. Ўхшаш вазият 19-умумтаълим мактабида ҳам кузатилди. 9-синф ўқувчилари мактаб дарвозаси яқинида ободончилик билан машғул. Ваҳоланки, улар бу вақтда чизмачилик дарсида бўлиши керак эди.

44-умумтаълим мактабида бўлганимизда дарс вақти якунланмаганига қарамай ўқувчилар бинони тарк этаётганига гувоҳ бўлдик. Аниқланишича, 7-“Б” синфига бириктирилган кимё фани ўқитувчиси машғулотга келмаган.

14-умумтаълим мактаби ҳақида ҳам юқоридаги фикрларни билдириш мумкин. Тозалик, ободончилик масаласига деярли эътибор қаратилмаган. Иситиш тизимидаги носозлик сабаб синф хоналари совуқ. Иситиш қувурларидан сув оқмоқда. 

Мактабнинг спорт залида зарур анжомлар қаровсиз ҳолатда сақланаётгани кузатилди. Бу ерда жисмоний тарбия машғулотлари яқин орада ўтилмаган кўринади. Полнинг қалин чанг билан қоплангани шундай хулоса қилишга асос бўлади. 

43-умумтаълим мактабида куз-қиш мавсуми бошланганига қарамай, қозонхона ишга туширилмаган. Ўқув хоналари антисанитар ҳолатда, тозалик ишларини назорат қилиш эътибордан четда қолган. Сусткашликка йўл қўйилаётганини мактаб ховлисида аҳоли чорва моллари боқиб юрганидан ҳам билса бўлади. Хўжалик ишлари бўйича масъул иш вақтида жойида эмас экан.

Хуллас, таълим муассасаларида ҳали амалга оширилиши зарур бўлган камчиликлар кўп. Аслида жиддий муаммолар эмас. Шундай бўлсада, масъуллар томонидан сусткашликка йўл қўйилаётгани, арзимас масала ҳам эътиборсизлик сабаб ечимсиз қолаётгани ачинарлидир. Буб орада барча даражадаги масъуллар хулоса қилиши лозим.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM