Жомбой тумани тадбиркорларига МУРОЖААТ

Азиз юртдошлар!

Ҳурматли тадбиркорлар!

Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари одимлаётган мамлакатимизда халқимизнинг яшаш шароитини янада яхшилаш, турли йўналишдаги тадбиркорликни ривожлантириш орқали юртимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш, мақсадлари юксак фуқароларимизнинг ишбилармонлик ва фаол тадбиркорлик қилишлари учун барча ҳуқуқий асос ва шароитлар яратилди.

Тадбиркорлик – инновацион ва замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиладиган иқтисодий йўналиш сифатида тараққиёт омилига айланиб бормоқда.

  Бугун жамоатчилик ва халқимиз тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган улкан ишлаб чиқаришдан тортиб бунёдкорликгача, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришдан тортиб, боғ-роғлар барпо этишгача, турли хизматлардан тортиб туризмни ривожлантиришгача бўлган ҳамма жараёнларни кузатиб турибди.

“Фаол тадбиркор” деганда яратувчанлик, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонлар тушунилади.

Туманимизда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ёш, иқтидорли ва тажрибали ишбилармон тадбиркорларимиз барча соҳаларда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни “Ўзбекистон бренди” остида дунё бозорларига экспорт қилмокдалар.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар кун сайин жамиятимизнинг етакчи кучига айланиб бормоқда.

Республикамиз Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 7 ноябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, деган фикр илгари сурилди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

  Бундай шарт-шароит ва имтиёзларга эга бўлган ҳиммати баланд ва шижоатли тадбиркорларимиз Ўзбекистонликман ва Жомбой туманида фаолият олиб бориш мен учун шараф, деган номга муносиб бўлиш иштиёқида янги иш ўринлари яратмокдалар. Бундай тадбирли кишиларга “Балли Сизга, жонкуяр тадбиркорлар, иқтисодий юксалишимиз ва фаровонлигимиз локомотивлари!” десак арзийди.

Бугунги кунда Сизлар орқали Жомбой заминида ишлаб чиқилган ва етиштирилган маҳсулотларимиз жаҳон бозорида ўз кўриниши билан намоён бўлишига хисса қўшмоқдасиз.

Қадрли тадбиркорлар!

Муҳтарам Юртбошимиз Сизларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, самарали фаолият юритишингиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб қўйдилар. Аввало, жойларда Бош вазир қабулхоналарининг ташкил этилгани, ушбу имконият натижасида Сиз, тадбиркорларнинг ҳар бир муаммонгиз ижобий ечим топаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Жумладан, Бош вазир қабулхоналарига жорий йилнинг
10 ойи давомида 154 нафар тадбиркорлик субъектлари мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 142 тасининг муаммоси ижобий ҳал этилди ҳамда
11 таси кўриб чиқиш жараёнида. Ушбу мурожаатларнинг 47 таси кредит, 42 таси ер ажратиш, инфратузилма тармоқларига уланиш ва бино ажратиш ҳамда 53 таси бошқа масалаларда бўлган. Ушбу мурожаатларни изчил ўрганиш ва уларга самарали ечим топиш мақсадида жойларда тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари тузилди.

“Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор. Бу – ер ажратиш ва кредит беришдир.

Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора, барча учун тенг шароитлар асосида, электрон аукцион орқали амалга оширилади. Бунинг учун “E-Ijro” электрон савдо майдонига мурожаат қилиш керак.

Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади”.

Тижорат банклари раҳбарлари ва ходимлари томонидан ҳар бир тадбиркорга кредит беришда аниқ, ишончли, қонуний кўмаклашиш лозим бўлади.

Азиз ишбилармонлар!

Бугунги кунда туманимизда 1030 та кичик бизнес субъектлари фаолият юртимоқда. Уларнинг сони жорий йилда 376 тага кўпайиши кутиляпти. Айниқса, оилавий тадбиркорлик кенг тус оляпти. Октябрь ойининг ўзида 2 та янги хорижий инвестиция иштирокида корхона ишга туширилиб, уларнинг сони 7 тада ошди.

Айни кунда янги кластер тизимини иқтисодиётимизга изчил равишда кириб келяпти. Жумладан, республикамизда, вилоятимизда пахтачилик тармоғида пахта тўқимачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада, ушбу кластерларда нафақат ғўзани етиштириш, балки пахтани йиғиб олиш ва қайта ишлаш, ип-калава кўринишидаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйиляпти. Энг муҳими, туманимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаб, қўшимча қиймат яратиш мақсадида ташкил этилаётган кластерлар томонидан хориждан замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда қайта ишлаш ускуналари олиб келиниши йўлга қўйилади.

Жумладан, туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган 5 та агрокластерлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Уларда йил давомида 45,0 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш, 10,0 минг тонна маҳсулотни қуритиш, 30,0 минг тонна маҳсулотни саралаш ҳамда 20,0 минг тонна маҳсулотни сақлаш имконияти мавжуд бўлади.

Ҳудудий дастурлар доирасида 2019 йилнинг якуни билан
286,1 млрд. сўмлик 32 та лойиҳа амалга оширилиши ва 901 та иш ўринлари яратилиши таъминланади. Бунинг натижасида қўшимча 5,2 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилади. Шунингдек,
6,5 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

Масалан, "Керамик Брикс" МЧЖ ҚКда йирик гобаритли керамик блоклар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Испания давлатидан 5,2 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилди ҳамда 98 та янги иш ўринлари яратилди.

"BMAX PAINTS" МЧЖ ҚКда бўёқ ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Туркия давлатидан 900 минг доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб қилинди ҳамда
54 та янги иш ўринлари барпо этилди.

2020 йил 2 чорагида "Мароқанд мева-сабзавот" МЧЖда қиймати 205,3 миллиард сўмлик қуввати 20 минг тонналик музлаткичли омборхона ташкил этилади ва 100 дан зиёд иш ўринлари яратилади.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурида чорвачилик, балиқчилик, музлатгич, узумчилик, боғдорчилик, иссиқхона соҳаларида 45,2 млрд. сўмлик 12 та янги лойиҳа амалга оширилди ва 114 та янги иш ўринлари яратилди.

Банкларимиз томонидан тадбиркорларга жами 135,5 млрд. Сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Айниқса, кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Ҳар бир оила ­– тадбиркор”, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси”, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш жамғармаси”, “Бандликка кўмаклашиш жамғармаси”, “Ёшлар – келажагимиз!” давлат дастури доирасида 52,6 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Азми катъий ва шижоаткор тадбиркорлар!

Бундан буён тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4 та сектор раҳбарлари “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз. Бунда мен бош ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот килиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

“Эндиликда тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар”.

Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган топшириқ ва вазифалар, Жомбой туманининг салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, саноат ва экотуризмни ривожлантириш йўлида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқаришдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиз ва бурчимиздир.

Шу билан бирга, ўтган йилларда минглаб ёшлар ўз бизнесини бошлаб тадбиркор бўлиб етишди, энди бошлаётганлар ҳам бор. Биз уларни эътиборсиз қолдирмаймиз. Уларнинг бизнес-лойиҳаларини ишлаб чиқишдан тортиб, ишини йўлга қўйгунча бўлган жараёнда кўмак берамиз ва ёнида турамиз.

Бир нарсани чуқур англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – туманимиз, вилоятимизнинг келажаги ва аҳолимиз турмуш фаровонлигининг асосли кафолатидир.

Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди.

Бунда:

тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қараймиз;

ҳар бир тадбиркорнинг мулки даҳлсиз. Ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулкини тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки даҳлсизлиги таъминланади;

тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади. Маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Сизлар бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, яратувчи, бизнес олами, балки халқимизнинг фаол жамоатчилик вакилисиз. Сиз халқ билан бирга, халқ дарди ва қувончи билан яшайсиз. Шу боис тадбиркор билан янада жипслашиб ишлаш, уларнинг дарди-ҳолини эшитиш, муаммоларига тезда ечим топиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.

Жомбой тумани ҳокими Ҳ.Туйчиев.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM