Тил софлиги учун курашайлик

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.

31-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда таниқли ижодкорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

– Она тилига ҳурмат, эътиборни ёшликдан шакллантириш керак. Бу баландпарвоз гап эмас, биз ҳалигача эриша олмаган ҳақиқатдир, – дейди ижодкор О.Ўроқов. – Йўқса, оддий сўзлашув тилидан тортиб, хусусий телеканалларни эгаллаб олган тушунарсиз, хорижий сўзлар қаердан кириб келди? Ўқувчилар билан шу мавзуда суҳбатлашдик. Биз кутмаган таклифларни беришди. Тил тараққиёти учун курашиш ҳар бир ижодкорнинг миссияси, деб биламан. Шу маънода тарғибот ишларини йил давомида олиб бориш яхши самара беради.

Тадбирда ўқувчилар томонидан саҳна кўриниши, шеър ва куй-қўшиқлар ижро этилди.

Маъруф РАСУЛОВ.

***

1-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда “Ёш адабиётшунослар” тўгараги аъзолари фаол иштирок этишди. Унда тилимиз гўзаллиги акс этган нодир асарлар, деворий газета ва кўргазмали воситалар намойиш қилинди. А.Назаров, Р.Қўчқорова каби тажрибали ўқитувчиларнинг иш тажрибаси оммалаштирилди.

Бурхон ОСТОНОВ.

***

2-умумтаълим мактабида ғазалхонлик кечаси ўтказилди. Ўқувчилар мумтоз шеърият намуналаридан ёд айтишди. Ўқитувчи Дилрабо Холбўтаева томонидан шеърий санъатлар ҳақида тушунча берилди.

Эшонқулова ОЗОДА.

***

37-умумтаълим мактабида “Тил – миллат кўзгуси” номли тадбир ўтказилди. Ўқувчилар буюк алломаларнинг сўз ва тил ҳақида ҳикматларидан намуналар айтишди. Фан ойлиги дастуридан қизиқарли беллашув ва расмлар танлови ҳам ўрин олган.

Латофат ОМОНТОЕВА.

***

 34-умумтаълим мактабида иншолар кўрик-танлови ва очиқ дарслар ўтказилди. Бугун олдимизда ўқувчининг эстетик диди, дунёқарашини ўстириш, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашдек муҳим вазифалар турибди. Она

тили ва адабиёт дарсларига кенг соат ажратилгани ҳам шундан. “Оммавий маданият” унсурлари тилимизгача кириб келаётгани ачинарли ҳолат. Ўқувчилар ижодий ишларида ана шу жиҳатга эътибор қаратишди. Очиқ дарсларда тил софлигини таъминлаш шартлари эслатиб ўтилди.

Наргиза ҚУВОНДИҚОВА.

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM