Бешбола замонавий ДМТТ ва ҚВП иш бошлади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўтган йили Бешбола маҳалласи “Обод қишлоқ” дастурига киритилгач, ҳудудда жойлашган 25-сонли мактабгача таълим муассасасини тубдан реконструкция қилиш, замонавий қиёфада таъмирлашга киришилди. Шу мақсадда 1 миллиард 900 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Бугун туманимизда 3-7 ёшли болалар сони 14 899 нафарни ташкил этади. Шундан 717 нафари Бешбола маҳалласида истиқомат қилмоқда. Янги ташкил этилган муассаса қуввати 100 ўринли бўлиб, ҳудуддаги 14,7 фоиз болаларни қамраб олиш имконига эга.

Муассасанинг очилиш маросимида корхона ва ташкилот мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари қатнашди. Бешболалик болажонлар учун яратилган замонавий шароитлар эътироф этилди. Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди ва сўзга чиқди.

– Тараққиёт чўққисига эришган миллатлар тарихига назар ташласак, улар ишни кичик ёшдаги болалар тарбиясига эътибор қаратишдан бошлаганини кўрамиз, – деди ҳоким. – Демак, мактабгача ёшдаги болалар тарбияси нафақат оила, ота-она, балки бутун халқимиз эртаси учун муҳим. Умид қиламизки, бугун янгидан фаолият бошлаётган муассасада ҳам келажакда юрт корига ярайдиган, етук маънавиятли авлод тарбия топади.

***

“Обод қишлоқ” дастури асосида бунёд этилган Нормамат Эсонтурдиев қишлоқ врачлик пункти ҳам фойдаланишга топширилди.

Қайд этиш жоиз, ҳудудда 11 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Собиқ Бешбола ҚВП биноси 1978 йилда қурилган, узоқ вақт қаровсиз қолган эди. 2008 йилда қайта мослаштирилиб, врачлик пунктига айлантирилган бўлса-да, шароитлар етарли эмасди. Қисқа фурсатда 1 миллиард 240 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Пункт замонавий, янги жиҳазлар билан таъминланди. Эндиликда 32 нафар тиббиёт ходими фаолият юритиши кутилаётган тиббиёт масканида 6 нафар олий тоифали шифокор, 21 нафар ўрта тиббиёт ходимлари халқ хизматида бўлади.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM