ЖОМБОЙ ТУМАН ҲОКИМИ ҚАРОРИ

МАКТАБ ЁШИДАГИ БОЛАЛАРНИ УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМГА ТЎЛИҚ ҚАМРАБ ОЛИШ ЮЗАСИДАН МАКТАБЛАР МИКРОҲУДУДИНИ БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 6-, 25-моддалари, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низомнинг 39-бандига асосан, мактаб ёшидаги болаларни таълимга қамраб олиш жараёнида муассасаларга бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)ни аниқ белгилаб олиш мақсадида
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Туманда мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Туман ҳокимлиги (И.Сирожев), халқ таълими бўлими (Ғ.Муродов) ва умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
3. Белгилансинки, тумандаги мактаб раҳбарлари ушбу муассасага бириктирилган ҳудудда истиқомат қилувчи мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
4. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш туман кенгаши (И.Асроров) ва МФЙ раисларига мактаб ёшидаги болаларни таълимга жалб этиш жараёнида халқ таълими бўлими ҳамда умумтаълим муассасаларига амалий ёрдам бериш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарор “Жомбой тонги” газетасида расмий эълон қилинсин ва ҳокимлик расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
6. Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари в.в.б. И.Сирожев зиммасига юклатилсин.

Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев.

Жомбой тумани 
2019 йил, 26 сентябрь

2015-2020 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM