Президент Администрациясидан келган ишчи гуруҳ Жомбойдаги мактабларни ўрганмоқда

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Умумтаълим мактабларини ўрганиш бўйича тузилган республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини вилоятимиздан бошлади. Бугун туманимизда ҳам бўлиб, 18 та мактаб фаолияти билан танишди.

Тошкент давлат аграр университети ректори Ботиржон Сулаймонов кун давомида ўнга яқин таълим муассасаларида бўлди.

Дастлаб, 23-умумтаълим мактаби жамоаси билан учрашди. Маълумотга кўра, мактабда 1260 нафар ўқувчи таҳсил олади.  Таълим-тарбия жараёни икки навбатда ташкил этилмоқда. Ўқувчи сонининг кўплиги сабабли кадрларга эҳтиёж мавжуд. Олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, айрим фанлардан мақсадли таълимни йўлга қўйиш бўйича таклифлар келиб тушди. Шу орқали мавжуд муаммони ҳал этиш мумкинлиги айтилди.    

Шунингдек, дарс жадвали, дарсликлар таъминоти, фан хоналарининг жихозланганлиги, бешта муҳим ташаббус ижроси, ободончилик ишларига эътибор қаратилди.

33-умумтаълим мактабида ўқитувчилар таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича қатор таклифларни айтишди. Муаммоларга ечим изланди.

 – Бизнингча, ўқитувчиларнинг аттестацияси соддалашмоғи керак, – дейди мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Сабоҳат Мухторова. – Математика фани бўйича тузилаётган айрим саволлар жуда мураккаб. Олий математика курсидан олиняпти. Буни бошланғич таълимга тадбиқ этиш қанчалик тўғри бўларкин? Ахир, тўрт-бешта фандан дарс ўтамиз. Саволлар умумийликка асосланиб тузилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ишчи гуруҳ аъзолари бу таклифни ўрганиб чиқадиган бўлишди.

 Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов бошчилигидаги гуруҳ аъзолари ҳам йўриқнома асосида иш олиб боришди.

Мактабларнинг педагогик жамоаси билан учрашувлар ташкил этилди. Президентимизнинг шу йил 23 август куни Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш чора-тадбирлари мавзусида бўлиб ўтган йиғилишининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ишчи гуруҳ таркиби Президент Администрацияси томонидан тузилган. “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб, мактабларга борайлик” шиори остида ўтаётган тадбирлар барча раҳбар ва мутасаддилар учун намуна бўлиши айтилмоқда.

Жойларда ўрганишлар давом этади.

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM