Янги ўқув йили эски муаммолар билан бошланмасин

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Сўнгги қўнғироқ чалинмай туриб, бу масала овоза бўлганди. "Ремонт" ва бошқа мақсадлар учун ўқувчидан пул йиғилаётгани эътирозларга сабаб бўлди. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Ана шу гап-сўзлардан сўнг, янги ўқув йилига қандай ҳозирлик кўрилди?

Тумандаги мактаблар мисолида шу ва бошқа саволларга жавоб изладик.

бод қишлоқ" дастурига тушгани учун мактаб "айбдорми"?

Бешбола, Эски Жомбой, Каттақишлоқ  маҳалласи бу йил "Обод қишлоқ" дастурига киритилган. Демак, кўчалар, тиббиёт масканлари қаторида мактаблар ҳам обод бўлиши шубҳасиз.

Эски Жомбой маҳалласидаги 28-умумтаълим мактабини таъмирлаш жараёни тўхтаб қолибди. Туман халқ таълими бўлимининг бу маълумоти бизни таажжублантирди. Бинонинг очиб ташланган том қисми тўлиқ ёпилмай турибди. Синфхоналарнинг полини таъмирлаш охириги етказилмаган. Мактабнинг асосий биносидан ташқари, яна 300 ўринли қўшимча бино қуриш учун 1400,0 миллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бироқ қурилиш ташкилоти бу маблағни ҳалигача олгани йўқ. Ишлар 60 фоизга бажарилган, холос. Қарийб икки ярим ойдан бери охирига етказилмаяпти. Ўқитувчилар аллақачон меҳнат таътилидан қайтишган. Дарсларга тайёргарлик кўришни бошлаш керак. 15-20 кундан сўнг ўқувчилар ҳам таътилдан қайтишади. Аммо юқоридаги муаммоларга жўяли ечим топилмаяпти.

– Бешбола ва Катта қишлоқдаги 3-, 22-, 51-умумтаълим мактаблари ҳам «Обод қишлоқ» дастурига киритилган, –  дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Ҳамза Муҳаммадиев. – Ҳадемай фойдаланишга топширилади. Кейин  асосий эътиборни 28-умумтаълим мактабига қаратиб, қурилишни якунлаш мумкин бўлади.

10-мактабнинг ўқувчиси партага сиғмайди

10-умумтаълим мактаби туман марказидан анча олисда жойлашган. Шунданми, бирорта ҳам компьютерга кўзингиз тушмайди. Синф хоналарда ўқувчи партаси кам. Юқори синф ўқувчилари кичик парталарда ўтириб,  дарс тайёрлашар экан. Аслидаям 14-15 яшар ўсмир 1-4-синф ўқувчисининг партасига қандай сиғади? Бу боланинг жисмоний ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Дарсни ўзлаштириш қийинлашади.

– Директор этиб тайинланганимдан бери "­Рай­ОНОга"га мурожаат қиламан, – дейди Абдуқаҳҳор Жуманов. – Ўн йилдан бери жиҳоз берилмай, ортга суриб келиняпти. 50 та партага эҳтиёжимиз бор. Синфхоналар етарли. 480 ўқувчига икки навбатда таълим-тарбия берилади. Куз-қиш мавсуми учун саккиз тонна кўмир ажратилди. Яна ўн тонна берилиши керак. Жорий йилги таъмир учун бюджет ҳисобидан 2 миллион 300 минг сўмлик бўёқ, оҳак ва бошқа қурилиш ашёларини олдик. Таъмирлаш ишларига 7 миллион сўм маблағ сарфланди. Ички манбалар ва ҳомийлик маблағини мақсадли ишлатганмиз. Ҳозирча, компьютер ва партадан бошқа эҳтиёжимиз қолмади.

Таассуф. Дунё ахборот асрига қадам қўйган бир пайт­да компьютер саводхонлиги йўқ ёшлар билан қандай тараққий этамиз? Шу саволни мутасаддилар нега ўзларига бериб кўришмаяпти?

Кутубхона фаолияти, дарс­лик ва адабиётларга эҳтиёж масаласи билан қизиқдик. Рости, бу манзара аксарият мактаблар учун оддий ҳолат. Яъни, КУТУБХОНА ЁПИҚ. Кутубхоначи эса ишда эмас. Директор бу масалада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги, фақат кутубхоначи билишини айтди. Қизиқ, жорий йилда қайси дарсликларга эҳтиёж бор, деган савол мактаб директорини нега ўйлантирмайди?

Мактаб стадиони тўлиқ ободонлаштирилмаган. Эски иморатнинг бузилган деворлари, қийшайиб ётган панжаралар ҳудуд ҳуснига соя солиб турибди. Яна бир ҳолат кишини ўйлантиради. Бутун бинони электр энергияси билан таъминловчи мослама синфхона ичига жойлаштирилган. Ярми девордан чиқиб турибди. Ўқувчи ҳаётига ҳар дақиқада хавф солиб турувчи бу ҳолатга директор бамайлихотир жавоб берди: "Болаларнинг кўзи ўрганиб қолган. Электр мосламаси ёнида ўтирувчи ўқувчилар жуда ақлли, тегинмайди" деди.

Ечимни ХТБга ким тушунтиради?

56-умумтаълим мактабида ободонлаштириш ишлари давом этяпти. Синфхоналар тўлиқ таъмирланган. Фақат айрим хоналарда стол-стул етишмайди. Уч-тўрт нафар ўқувчи учун битта парта тўғри келяпти.

– Бу катта мактаб, жиҳоз етишмаслигидан ҳар доим қийналамиз, –  дейди мактаб директори Нодира Баратова. – Ўтган йили коллежнинг жиҳозини келтириб беришди. Бошланғич синф хонасига ўрнатдик. Лекин бу стол-стуллар юқори синф ўқувчилари учун мўлжалланган. 2-синф боласининг бўйи зўрға етади. Ота-оналар норози бўлишяпти. Лекин шундан бошқа чорамиз йўқ.

Таажжуб. Чекка мактабнинг ўқувчиси кичик партага сиғмай қийналсаю бу ерда катта стол-стуллар бош оғриғи бўлса! Аслида, бунинг назоратини ким олиши керак? Шубҳасиз, ХТБ.

Чунки, барча мактаблар фаолияти халқ таълими бўлими томонидан назорат қилинади. Жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминлайди. 10– ва 56-мактабнинг жиҳозларини биридан иккинчисига алмаштириб, муаммони ҳал этиш мумкин-ку. Аммо буни мутасаддиларга ким тушунтиради?

Кутубхонадаги шароит билан танишмоқчи эдик. Овора бўлганимиз қолди. Кутубхоначи ўқув-семинарига қатнашиш учун чиқиб кетганлигини айтишди. Хуллас, дарсликларга эҳтиёж масаласи бу ерда ҳам сўроқлигича қоляпти. Мактаб раҳбари етарли маълумотга эга эмас.

Қисқаси, 2019-2020 ўқув йилига тайёргарлик масаласини шу учта мактаб мисолида кўриб, хулоса қилиш мумкин. Бу қолган мактабларда ҳам ўзига яраша муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

Шерзод ИСОҚУЛОВ, "Жомбой тонги" мухбири.

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM