“Уруш 1945 йилда тугамаган”

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ҳар йил 9 май арафасида ўша машъум кунларни эслаймиз. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган жангчилар, фронт орти меҳнат фахрийларини йўқлаймиз. Улар тирик тарих, урушнинг қандай кулфатларга сабаб бўлишини кўрган гувоҳлар. 

Яқинда Тўққизбой маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳусан бобо Ортиқов хонадонида бўлдик. Отахон олис хотиралари билан ўртоқлашди. 

– Польша ва Германия давлатлари чегараси бўйлаб Одер дарёси оқиб ўтади, – эслайди Ҳ.Ортиқов. – Унча йирик эмас, аммо атрофи мунтазам қуюқ туман билан қопланиб туради. 1945 йилни ана шу дарё яқинида кутиб олганмиз. 

Ҳамма ишнинг охири қийин кечади. Урушнинг ҳам. Гарчи душман енгилиши кўриниб қолган бўлса-да, осонликча таслим бўлай демасди. Полкимиз асосан, рус, украин, қозоқ, ўзбек йигитларидан таркиб топганди. Варшавани озод қилишда катта талофат кўрдик. Одер ҳавзасига чиқиб олгунча баталённинг тўртдан бири қирилиб кетди.  

Кундуз кунлари атрофга сукунат чўкади. Тунда ҳар икки томон ҳаракатга келади. Мақсад нариги соҳилга ўтиб олиш. Қўлбола кўприк ясашга уриниб кўрдик. Бўлмади. Солда сузиб ўтиш ҳам самарасиз кечди. Икки ой... Қанчадан қанча сафдош дўстларим ўша омонсиз жангда ҳалок бўлди. 

Германия ҳудудига кирганимизда баҳор яқинлашиб қолганди. Аммо табиат гўё инсон қилмишларидан ранжигандек, қовоғини очмасди. Бир куни қаттиқ ёмғир ёғди. Европанинг тупроғи ёпишқоқ бўларкан. Ана шундай шароитда лой кечиб, олдинга интиламиз.  

Дарёдан бир неча километр узоқлашдик. Тонг қоронғуси эди. Бир пайт ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолди. Атрофга олазарак боқаман. Янги келган аскарнинг кўзларида даҳшат, менга тикилиб турарди. Билсам, томоғимдан яраланган эканман... 

Госпиталда кўзимни очганимда аскарларимиз Берлинга етиб борганини айтишди. Шундай қилиб, душман пойтахтига кириш менга насиб этмади.  

Кейин тикланиш йиллари бошланди. Кўпчилик уруш 1945 йилда якунланган, деб ўйлайди. Ундай эмас. Тўғри, хунрезлик тугади, аммо дунёнинг ярми вайрон бўлган, уни қайта тиклаш зарур эди. Бу ҳам армия зиммасига тушди. 

Орадан етти йил ўтиб ватанга қайтдим. Кейин колхозда тракторчилик қилдим. Уйландим. Фарзанд, набиралар кўрдик. Бори шу... 

P/S.: Туманимиз ҳудудидан ўтган Самарқанд-Тошкент магистрали юртимизнинг энг йирик транспорт иншоотларидан бири. Ана шу йўл қурилишида Ҳусан бобо Ортиқов ҳам қатнашган. У кишидан бу ҳақда сўраганимизда “Нокамтарлик бўлса ҳам айтай. Шу қурилишга ҳиссам қўшилиб қолганидан қувонаман. Дунёга келиб, нимадир бунёд этиб кетмасанг, қандай одамман дейиш мумкин”, деди. Дунёни вайрон қилишга қасд қилган уруш уларни шундай фикрлашга ўргатган бўлса, ажаб эмас. 

 

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM