Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам ТАБРИГИ

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Жомбой тумани ҳокими Умиджон Назаровнинг соҳа ходимларга байрам

ТАБРИГИ

 

Ассалому алайкум азиз дўстлар!

Қишлоқ хўжалиги соҳасининг жонкуярлари, фахрийлари!

Мамлакатимизда деярли барча соҳа ходимларининг ўз куни, байрами бўлиб келган. Аммо яқин-яқингача сиз, қишлоқ хўжалиги соҳиблари маълум маънода эътибордан четда қолганингиз рост. Мана бугун иккинчи марта Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаб турибмиз. Таъбир жоиз бўлса, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович бу ҳолатни ўз вақтида илғадилар ва декабрь ойининг иккинчи душанбаси мамлакатимизда аграр соҳа ходимларининг кунига айланди.

Аслини олганда жамиятимизнинг энг меҳнаткаш, фидойи инсонлари бу сизсиз. Чунки ҳаммамизни ер боқади, кийинтиради. Шунинг учун ҳам ерга нисбатан “она ер” дея таъриф берилади. Дастурхонимиз тўкинлиги, бозорларимиз гавжумлиги сизнинг шарофатингиз, хизматингиз билан, десам тўғри гапни айтган бўламан.

Туманимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз тажрибаси, салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тажрибали фермерларимиз, керак бўлса, устоз мақомига эришган миришкорларимиз бор. Биргина Жомбойдан Аваз Ҳосиловдек Ўзбекистон Қаҳрамонининг етишиб чиққани бизга фахр, ифтихор бериши керак. Шунингдек, Барот Нодиров, Раъноқул Яҳёев, Ваҳобиддин Хўжақулов, Ғайрат Тугалов, Муса Абдиев каби катта салоҳиятга, билимга эга бўлган деҳқонларимизнинг тажрибаси, маслаҳати бугун ҳам бизга асқотяпти. Уларга муносиб издошлар, ерни ҳис қиладиган фермер ва томорқачиларимизнинг борлиги бизни қувонтиради, албатта.

Ҳурматли туманимиз фаоллари, байрам иштирокчилари!

Мана, яна бир йилимиз якунланяпти. Қиш фасли ҳам кириб келди. Аммо деҳқон тингани йўқ. Унинг тўрт фаслга мос меҳнати, вазифаси бор.

Шу ўринда, ўтаётган йилимиз ҳам баракали келганини эътироф этмоқ керак. Айни вақтда туманда 1960 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.

Айтайлик, 2018 йилда 1348 та фермер хўжаликлари томонидан 32506 тонна давлатга дон сотиш режалаштирилган эди. Амалда 35240 тонна дон топширилиб, режа 2740 тонна ортиғи билан бажарилди.

Шунингдек, 270 тонна пилла топшириш режалаштирилганди ва бу режа ҳам тўлиқ бажарилди. 3268 гектар майдонда сабзавот экинлари парвариш қилинди. Шундан 55198 тонна сабзавот, 13707 тонна картошка маҳсулоти етиштирилди.

Бундан ташқари, 32596 тонна мева, 1740 тонна узум етиштирилди.

Айни пайтда туманимизда 22 та балиқчилик фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Улар жорий йилда халиқимиз дастурхонимизга 560 тонна луқмаи ҳалол етказиб бердилар.

11 та паррандачилик фермер хўжалиги __ тонна товуқ гўшти, __ та тухум етиштирдилар.

2017 йилда туманимизда “Оқолтин” чорвачилик комплекси ташкил этилди. У ерда ҳозирги вақтда 1485 та қорамол парваришланмоқда. Биргина ушбу комплекснинг ўзига 100 дан ортиқ туманимиз фуқаролари ишга жойлашди.

2017 йилда 450 гектар майдонга Калифорниядан грек ёнғоғи олиб келиб, экилди. Келаси йилдан улар ҳосилга кирса, бу соҳа ҳам туманимизда янги босқичга кўтарилишига ишонамиз. туманимизда 2886 гектар интенсив боғларнинг мавжудлиги ҳам бу борада вилоятда илғор туманлардан бири эканимизни кўрсатиб турибди.

Бу каби ютуқлар, рақамларни истаганча давом эттириш мумкин.

Азиз дўстлар! Фидойи деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Ўтган йили Президентимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувда “Миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, аграр тармоқ олимлари дунёдаги энг шарафли касб эгаларидир. Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчилик тотли ва ширинлигини ҳамма яхши билади. Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғлар, дастурхондаги турли ноз-неъматлар, тўю-томоша, хурсандлик кунларимиз, бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади” деб таъкидладилар. Бу шубҳасиз, сизнинг меҳнатингизга, мамлакат иқтисодиётида тутган ўрнингизга берилган муносиб баҳо, деб биламан. Ва ўз навбатида, бу эътироф ҳаммамизни янада масъулиятли бўлишга, касбимизни севишга ундайди.

Яна бир бора байрамингиз муборак бўлсин, деймиз! Ҳеч қачон дард кўрманг, кам бўлманг!

Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

 

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM